ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БОҒОТ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Боғот туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6 ва 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-16-151-12-0-K/25-сонли қарорига мувофиқ ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлигининг 2025 йил 29 декабрдаги 04-7-09/14127-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-16-151-12-0-K/25-сонли қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қарорга мувофиқ, Боғот тумани бюджетининг 2026 йилги даромадлари 119 531 608,0 минг сўм ва харажатлари эса 119 531 608,0 минг сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги, шунингдек Боғот тумани бюджетининг шахсий ғазна ҳисоб варағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 870 000,0 минг сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Туман бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда туман бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1 665 910,0 минг сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи в.в.б (Н. Қаландаров), туман иқтисодиёт ва молия бўлими (Ф. Йўлдошов), туман солиқ инспекцияси (С. Ахмедов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарор «Боғот садоси» газетасида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи в.в.б (Н. Қаландаров) ҳамда назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг «Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича» доимий комиссияси раиси (Б. Сапаров) зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси НАЗАРОВ ЖАҲОНГИР БАХРАМОВИЧ
Хоразм вилояти, Боғот тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-24-191-12-170-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.