ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҒИЖДУВОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ғиждувон туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли Қонунига ва халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг 2025 йил 30 декабрдаги «Бухоро вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-21-112-2-0-K/25-сонли қарорига мувофиқ, халқ депутатлари Ғиждувон тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли Қонуни ҳамда халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг 2025 йил 30 декабрдаги «Бухоро вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-21-112-2-0-K/25-сонли қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур қарорга мувофиқ, Ғиждувон тумани маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 192 млрд.208,2 млн. сўм ҳамда мутаносиб равишда харажатлари 192 млрд.208,2 млн. сўм тасдиқланганлиги, шунингдек, Ғиждувон тумани маҳаллий бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 1 млрд.531 млн. сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Ғиждувон тумани маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда туман маҳаллий бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ, шунингдек, туман маҳаллий бюджетига умумдавлат солиқлари ва бошқа солиқсиз тушумлардан ажратмалар меъёрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ғиждувон тумани маҳаллий бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 2 млрд. 823 млн. сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи (А. Ражабов), туман иқтисодиёт ва молия бўлими, туман солиқ инспекцияси (Д. Мухторов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари Ғиждувон тумани Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарор «Ғиждувон» газетаси ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари Ғиждувон тумани Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (М. Олимов) ҳамда Ғиждувон тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари А. Ражабов зиммасига юклатилсин.
Сессия раиси РАХМАТОВА МУСАЛЛАМ ЛАТИПОВНА
Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-19-130-2-34-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.