ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ УЧҚУДУҚ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Учқудуқ туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли қонунига ва халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг «Навоий вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-22-165-5-0-К/25-сонли қарорига мувофиқ ҳамда Навоий вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 01-12/20-01-38/3532-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ЎРҚ-1105-сонли қонуни ҳамда Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги «Навоий вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-22-165-5-0-К/25-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги «Навоий вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида»ги VII-22-165-5-0-К/25-сонли қарорига мувофиқ, Учқудуқ туманининг маҳаллий бюджети 2026 йил учун даромадлари 74 183,403 млн. сўм, харажатлари 99 312,900 млн. сўм, жами ажратиладиган тартибга солувчи трансфертлар миқдори 25 129,497 млн. сўм тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қуйидагилар:
Учқудуқ тумани маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йилги асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
2026 йил учун туман маҳаллий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг «Навоий вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджети параметрларини тасдиқлаш тўғрисида»ги иловаси билан тасдиқланган Учқудуқ тумани бюджетига солиқларидан ажратмалар меъёрлари 3-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
Бунда, ажратма меъёрлари бўйича туман маҳаллий бюджетининг тақсимотини ўрнатилган тартибда туман ғазначилик хизмати томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
5. 2026 йил учун туман бюджет даромадлари ва харажатлари прогнозлари 4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
6. Туман маҳаллий бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Туман маҳаллий бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам маблағлар миқдори 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози ижросидан қатъи назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги Қонунда белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
8. 2026 йил учун туманнинг туман бюджети заҳира жамғармаси ҳажмлари 1 202,009 млн. сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, туман бюджетининг 2026 йил учун заҳира жамғармаси тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг камида 1,0 фоизи миқдорида шакллантирилсин.
Туман маҳаллий бюджетини ижро этишда юқори турувчи бюджетдан уларга ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг прогнозидан ошган қисми учун тегишли бюджетларининг захира жамғармалар миқдорларига аниқлаштириш киритилмайди.
Туман бюджетининг захира жамғармалари маблағларини бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.
9. 2026 йил учун туман маҳаллий бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 1 364,729 млн. сўмни ҳамда туман бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 6-иловага мувофиқ белгилансин.
10. 2026 йилда халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилганлиги инобатга олинсин.
Шунингдек, 2026 йилда қуйидаги солиқ турлари:
а) туман маҳаллий бюджетига ўтказилади:
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно;
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно;
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
жисмоний шахсларга тегишли мол-мулкни ижарага беришдан солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
норудақурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (Қурилиш материаллари бўйича);
айланмадан олинадиган солиқ;
Акциз солиғи(бензин, дизель ёқилғиси ва газни охирги истеъмолчига реализация қилишда тўланадиган акциз солиғи)
Фойда солиғи
Қўшилган қиммат солиқ(тегишли ажратма қисми)
Давлат мулкини ижарасидан тушумлар
Жарималар
Йиғимлар
Давлат божи
б) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно) туман маҳаллий бюджетига ўтказилади.
с) Бошқа солиқ турларининг тегишли қисми ўрнатилган тартибда туман маҳаллий бюджетга ўтказилади.
11. Туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлари, фармойишлари тегишли равишда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тумандаги тегишли корхона ва ташкилотларнинг таклифлари ҳамда мурожаатларига асосан тегишли харажатларга йўналтириш мақсадида қабул қилинади.
туман ҳокими фавқулодда вазиятларда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда ишлатилган маблағлар тўғрисида халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериш шарти билан қўшимча манбаларни йўналтириш бўйича қарор ва фармойишларни қабул қилади.
12. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетларнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ва захира жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.
13. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия бўлими (Ж.Бобомуродов), давлат солиқ инспекцияси (А.Усманов), масъул корхона ва ташкилотлар билан биргаликда:
тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;
маҳаллий бюджети прогноз кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажариш;.
бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш;
тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш;
бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.
14. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усманов) тегишли масъуллар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси «Солиқ кодекси»да белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб:
солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини кучайтириш;
ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;
бунда, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида фуқароларга харид чекини талаб қилиб олишни тарғиб этувчи ижтимоий роликлар ҳамда видео материаллар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратиш;
хатлов ишларини самарали ташкил этиш орқали ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш вазифаси юклатилсин.
15. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усманов)га:
солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини кучайтирилишини;
барча солиқ турлардан доимий таҳлиллар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чоралари кўрилишини;
хатлов ишларини самарали ташкил этиш орқали ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базаси оширилишини;
Кадастр агентлигининг туман бўлинмаси билан биргаликда туманда мавжуд солиқ тўловчиларнинг мол-мулклари майдонларини чуқур таҳлил этган ҳолда ушбу мол-мулкларга нисбатан солиқларнинг тўлиқ ҳисобланишини;
айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назорати ўрнатилишини ҳамда камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказилишини таъминлаш топширилсин.
Бунда, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида фуқароларга харид чекини талаб қилиб олишни тарғиб этувчи ижтимоий роликлар ҳамда видео материаллар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратсин.
16. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усманов), тегишли масъул ташкилотлар билан биргаликда:
норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида ноқонуний фаолият олиб бораётган карерларни аниқлаш бўйича хатловлар ўтказиш;
хатлов натижалари бўйича аниқланган ноқонуний фаолият олиб бораётган каръерлар фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда уларни солиқ базасига қамраб олиш;
норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида фаолият олиб бораётган каръерлар томонидан қазиб олинаётган норуда қурилиш материаллар ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий назорат ўрнатсин. Бунда, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган карерларнинг қазиб олиш ҳажмларини доимий таҳлил қилиб бориш ҳамда зарур ҳолларда қазиб олиш ҳажмларини аниқлашда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан «маркшейдрлик» хизматларидан фойдаланиш лозимлиги алоҳида белгилаб қўйилсин.
17. Мажбурий ижро бюроси Учқудуқ туман бўлими, туман давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсин ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилсин.
18. Тумандаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари раислари жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқлари бўйича жорий ҳисобланган солиқларни ҳамда ушбу солиқлардан мавжуд солиқ қарздорликларини ундириш юзасидан солиқ органларига амалий ёрдам кўрсатсин.
19. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда:
бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш бўйича хатлов ишларини самарали ташкил этиш;
хатлов натижаларига кўра туманда мавжуд бўш турган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш;
шакллантирилган рўйхатга асосан бўш турган давлат мулки объектларини ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш;
бўш турган давлат мулки объектларини ижарага бериш ёки сотиш бўйича ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида роликлар ва видеоматериаллар тайёрлаш;
хусусийлаштирилиши мўлжалланган бўш турган давлат мулки объектларини «э-аукцион» электрон платформаси орқали сотиш ишларини ташкиллаштириш вазифаси юклатилсин.
20. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усманов) туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари билан биргаликда туманда фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналарга сарфланаётган сув ҳажмлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қадар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.
Бунда, қишоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресуслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.
21. Иқтисодиёт ва молия бўлими (Ж.Бобомуродов) ва бошқа тегишли корхона ва ташкилотлар билан биргаликда:
бюджет интизомига қатъий риоя этилиши устидан доимий мониторинг ишларини кучайтирсин;
бюджет интизомини бузиш ҳолатлари бўйича ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари туман Кенгашга ахборот киритиб борсин;
ўтказилган назорат тадбирлари якуни бўйича камомад ва ноқонуний ўзлаштиришга йўл қўйган соҳа раҳбарларининг ҳисоботи ҳар чоракда эшитиб борилсин.
22. Қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотларни тегишли равишда мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириб борсин.
Туман маҳаллий бюджети жами харажатларининг 9 888,000 млн сўми ҳамда шаклланган қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштириш учун «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»га йўналтирилсин. Шуниндек,
Бунда, халқ депутатлари туман Кенгаши, Ёшлар ишлар агентлиги, туман ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида аҳолига кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга масъул этиб белгилансин.
Маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар ўрнатилган тартибда тегишли ҳокимлик расмий веб-сайтларига жойлаштириб борилсин.
23. Туман ҳокимлиги мазкур тегишли қонун ва қарорларга асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини тегишлилилиги бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига тақдим этиб борсин.
24. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия бўлими (Ж.Бобомуродов) ва туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усманов) бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш учун тегишлилиги бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига маълумот киритиб борилсин.
25. Туман давлат солиқ инспекцияси (А.Усманов) қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
26. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари - матбуот котиби (Р.Қодирова), «УЧҚУДУҚ» газетаси таҳририятига:
мазкур қарор «УЧҚУДУҚ» газетасида расмий эълон қилиш ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш тавсия этилсин.
27. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
28. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари С.Ҳамроев ва Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (У.Худойқулов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси ЕЛМУРАТОВ УЧКУН ФАЙЗУЛЛАЕВИЧ
Навоий вилояти, Учқудуқ тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-18-155-5-76-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.