ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БОЙСУН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Бойсун туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-, 24-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27-, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ва халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг 2025 йил 26 декабрдаги VII-17-173-8-0-K/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда Сурхондарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 26 декабрдаги 22-13-04/130-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Бойсун тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1105-сон «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг 2025 йил 26 декабрдаги VII-17-173-8-0-K/25-сон қарори (кейинги ўринларда қарор деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур Қарорга мувофиқ, Бойсун туман бюджетининг 2026 йилги даромадлари 108,525 млрд сўм ва харажатлари эса 108,525 млрд сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги шунингдек, Бойсун туман бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 306, 112 млн сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Бойсун туман маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
Бойсун туман маҳаллий бюджетидан 2026 йилда маҳаллий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ;
2026 йилда умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда солиқ бўлмаган тўловлар бўйича белгиланадиган ажратма меъёрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Бойсун туман маҳаллий бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 1,318 млрд сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Бойсун туман маҳаллий бюджетининг 2026 йил даромадлари ва харажатларининг чегаравий ҳажми 4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
6. 2026 йил учун Бойсун туман маҳаллий бюджетида йўл қўйиладиган энг кам маблағлар миқдори 5-иловага мувофиқ белгилансин.
7. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Й. Жўраев), туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (М. Мамадиев), туман солиқ инспекцияси (Т. Сарманов) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
8. Маҳаллий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, маҳаллий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини таъминласинлар.
9. Ушбу қарор «Бойсун» газетасида расман эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
10. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (Қ. Алимов) ҳамда туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Й. Жўраев) зиммасига юклатилсин.
11. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Кенгаш раиси ШУКУРОВ БОХАДИР ШОТУРАЕВИЧ
Бойсун т.,
2025 йил 30 декабрь,
VII-18-128-8-110-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.