ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ УЧКЎПРИК ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Учкўприк туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, «2026-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги 2025-йил 25-декабрдаги ЎРҚ-1105-сон Қонунига ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2025-йил 29-декабрдаги VII-15-160-11-0-К/25-сон қарорига мувофиқ ҳамда вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025-йил 29-декабрдаги 01/07-17/10007-сонли хатини инобатга олиб, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2025 йил 29 декабрдаги VII-15-160-11-0-К/25-сон қарори (кейинги ўринларда — қарор деб юритилади) Раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қарорга мувофиқ, туман бюджетининг 2026 йилги даромадлари 162,5 млрд сўм ва харажатлари ҳам 162,5 млрд сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги, шунингдек туман бюджетининг шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 755,0 млн сўм этиб белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Туман бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ ҳамда туман бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 2,1 млрд сўм миқдорида белгилансин.
Бунда, захира жамғармаси маблағларини амалдаги бюджет қонунчилигига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши таъминлансин.
5. Қуйидагилар:
қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлақ миқдорда 1 гектар ер учун белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффисиентлар 3-иловага;
жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжаллаган ерлардан ташқари) мутлақ миқдорда 1 м2 учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффисиентлар 4-иловага;
норуда қурилиш материаллари учун (цемент ишлаб чиқариш учун мўлжалланган оҳактошдан ташқари) қатъий белгиланган солиқ ставкалари миқдорлари 5-иловага;
солиқ солиш мақсадида қўлланиладиган кўчмас мулк ижара қийматининг 1 м2 учун ўрнатилаётган минимал миқдори 6-иловага;
2026 йил учун туман бўйича сув солиғи ставкаси 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ж. Бегматов, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (Махсудов), туман солиқ инспекцияси (Умаров) билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
8. Ушбу Кенгаш қароридан маълумот учун вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига юборилсин.
9. Мазкур Кенгаш қарори тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
10. Ушбу Кенгаш қарорининг ижросини таъминлаб боришга масъул ва шахсий жавобгар этиб туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ж. Бегматов белгилансин.
Қарор бажарилишини назорат қилиш вазифаси халқ депутатлари туман Кенгашининг «Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича» доимий комиссияси раиси М. Дехқонов зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси Қ. ЭРКАБОЕВ
Фарғона вилояти, Учкўприк тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-23-274-11-162-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.