ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Сурхондарё вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27-, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида» ЎРҚ-1105-сон Қонунига мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025 йил 25 декабрдаги 01/57-1-29238-сон хатини инобатга олиб, халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур Қонунга мувофиқ, Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 3 922,2 млрд. сўм ва харажатлари 6 087,7 млрд. сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 2 165,5 млрд. сўм миқдорида, шундан акциз солиғи тушумлари ҳисобидан ажратиладиган трансфертлар 279,1 млрд. сўм миқдорида тасдиқланганлиги инобатга олинсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, 2026 йилда:
а) қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар вилоят бюджети ҳамда шаҳар ва туманлар бюджетлари ўртасида тақсимланади:
қўшилган қиймат солиғи (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
фойда солиғи (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
бензин, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи;
йиғимлар (қонунчиликда республика бюджетига йўналтирилиши белгиланган йиғимлардан ташқари);
жарималар;
давлат божлари;
давлат активларини сотишдан маҳаллий бюджетларга тушумлар;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларни реализация қилишдан тушадиган тушумлар;
б) вилоятнинг вилоят бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиғича ўтказилади:
йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;
йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво (импорт орқали кирган маҳсулотлардан ташқари) реализацияси учун акциз солиғи;
йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган фойда солиғи тушумлари (Ўзбекистон Респубилкаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек, норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари);
электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан тушумлар;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) ва ажратмалар;
мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ва алкоголь маҳсулотлари, тамаки маҳсулотлари акциз солиғи, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра шаҳар ва туманлар аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ тўлиқ ҳажмда тақсимлансин;
бошқа тушумлар (а ва б кичик бандларда назарда тутилган тушумлардан ташқари барча тушумлар);
д) қуйидаги солиқ турлари шаҳар ва туманлар бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича тўланадиган даромад солиғи (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
айланмадан олинадиган солиқ;
давлат мулкини фойдаланишга (ижарага) беришдан тушадиган тушумлар;
қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (бундан йирик солиқ тўловчилар ва электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи (бундан йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган солиқ мустасно);
э) Йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган барча солиқлар, солиқсиз тушумлар ҳамда юқорида кўзда тутилмаган барча бошқа тушумлар вилоят бюджетига йўналтирилади.
4. Қуйидагилар:
Сурхондарё вилоятининг 2026 йилга ривожлантиришнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари прогноз кўрсаткичлари ҳамда 2027-2028 йилларга мўлжаллари 1-иловага;
Сурхондарё вилоятининг вилоят маҳаллий бюджети даромадларининг 2026 йил учун асосий прогноз кўрсаткичлари 2-иловага;
Сурхондарё вилоятнинг вилоят бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 3-иловага;
Бунда, мазкур қарор қабул қилингандан сўнг бир кун муддатда тартибга солувчи даромадлардан ажратмаларнинг нормативлари бўйича вилоятнинг вилоят бюджети билан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда «Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимига» Сурхондарё вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси томонидан киритилиши белгилаб қўйилсин.
вилоятнинг вилоят бюджетидан шаҳар ва туманлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Шаҳар ва туманлар бюджетларининг 2026 йил даромадлари ва харажатларнинг чегаравий ҳажми 5-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
6. Вилоятнинг вилоят бюджети шахсий ғазна ҳисобварағида турган бюджет маблағларининг 2026 йилда йўл қўйиладиган энг кам миқдори 19,0 млрд. сўм этиб ҳамда 2026 йил учун шаҳар ва туманлар бюджетлари шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 6-иловага мувофиқ белгилансин.
7. Вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 31,9 млрд. сўм миқдорида белгилансин.
2026 йил учун Сурхондарё вилоятининг вилоят бюджети, шаҳар ва туманлар бюджетларининг захира жамғармалари тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг (бундан шаҳар ва туманлар бюджетларининг жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга доир маблағлари мустасно) камида 1,0 фоизи миқдорида шакллантирилади.
Бунда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари миқдори олдинги йилдаги ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилиши ҳамда қўшимча маблағларни шакллантириш вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармалари маблағларини камайтириш ҳисобидан амалга оширилганлиги инобатга олинсин.
8. Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ш. Ражабов, вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (Ш. Абдуллаев), вилоят Солиқ бошқармаси (Э. Нарманов) туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар 2026 йил учун ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш, тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш ҳамда бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.
10. Вилоят Солиқ бошқармаси (Э. Нарманов) ҳудудий солиқ органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб:
солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини ўрнатиш;
ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;
ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш, яъни хатлов ишларини самарали ва мунтазам ташкил этиб бориш вазифалари юклатилсин.
11. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси (Т. Қурбонов), вилоят Солиқ бошқармаси (Э. Нарманов) билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсинлар ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилсин.
12. Давлат активларини бошқариш агентлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси (С. Худойбердиев) Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси (Й. Номозов) билан биргаликда:
бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш бўйича доимий равишда хатлов ишларини ташкил этиш;
хатлов натижаларига кўра вилоятда мавжуд бўш турган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш, ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш вазифалари юклатилсин.
13. «Аму-Сурхон» иригация тизимлари ҳавза бошқармаси (Б. Алимов) ва вилоят Солиқ бошқармаси (Э. Нарманов) шаҳар ва туманлар ҳокимлари билан биргаликда вилоятда суғоришга сарфланаётган сув ҳажмлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қадар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.
Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресурслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.
14. Вилоят Ички ишлар бошқармаси (Т. Исмаилов), вилоят Адлия бошқармаси (А. Исоқов) вилоятда бюджетга ҳисобланган бож, жарима ва йиғимларни ўз вақтида тўлиқ бюджетга ундириш чораларини кўриб борсинлар.
15. Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексининг 27- ва 28-моддаларида белгиланган бюджет соҳасидаги ваколатларидан келиб чиқиб, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатсин.
16. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар чорак якуни билан бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашига ҳисобот бериб борсинлар.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланиши;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилинишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
17. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси (Ф. Саматов) шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда ташқи реклама объектларини тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда, ушбу ташқи реклама объектлари бўйича шартномалар тузиш чораларини кўрсин ҳамда ушбу шартномалар бўйича йиғимларни бюджетга тўланиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
18. Давлат молиявий назорати Инспекцияси Сурхондарё вилояти бошқармаси (Н.Саманов) бюджетдан ажратилган маблағларни мақсадли ишлатилишини назорат қилиш ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида ахборот бериб бориш вазифалари юклатилсин.
19. Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати (М. Давлатов), вилоят Солиқ бошқармаси (Э. Нарманов) вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Ш. Ражабов билан биргаликда вилоят телерадиокомпанияси ҳамда вилоятдаги бошқа оммавий ахборот воситаларида, ҳокимлик муассислигидаги газеталарда Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни эълон қилиниши ҳамда ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини ташкил этсин.
20. Мазкур қарорнинг тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
21. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси (И. Ёқубов) ҳамда вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ш. Ражабов зиммасига юклатилсин.
22. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси ЧОРИЕВ АБДУРАИМ РАВШАНОВИЧ
Сурхондарё вилояти,
2025 йил 26 декабрь,
VII-17-173-8-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан ПДФ шаклида танишиш мумкин.