ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАМАНГАН ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Наманган вилоятининг 2026 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6, 24-моддалари, Бюджет кодексининг 27, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025 йил 25 декабрдаги 01/57-1-29240-сонли хатига мувофиқ, вилоят ҳокимининг 2025 йил 26 декабрдаги 01/10-1707-сон тақдимномасини кўриб чиқиб, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур Қонунга мувофиқ, Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг 2026 йилги даромадлари 4 697,8 млрд.сўм ва харажатлари 6 985,2 млрд.сўмга маълумот учун қабул қилинганлиги ҳамда республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар 2 287,4 млрд.сўм миқдорида, шундан тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи тушумлари ҳисобидан ажратиладиган трансфертлар 296,4 млрд.сўм миқдорида тасдиқланганлиги; инобатга олинсин.
3. Қуйидагилар:
Наманган вилоятининг вилоят бюджети даромадларининг 2026 йилдаги асосий прогноз кўрсаткичлари 1-иловага;
вилоятнинг вилоят бюджетидан 2026 йилда ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага;
вилоят, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларига умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек солиқ бўлмаган тўловлар бўйича белгиланадиган нормативлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда, ажратма меъёрлари бўйича вилоят маҳаллий бюджети билан туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг тақсимотини ўрнатилган тартибда «Давлат молиясини бошқариш» ахборот тизимига Наманган вилояти Ғазначилик хизмати бошқармаси томонидан киритилиши белгилаб қўйилсин.
4. Наманган вилоятдаги туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг 2026 йил даромадлари ва харажатларнинг чегаравий ҳажми 4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
5. Вилоятнинг вилоят бюджети шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг 2026 йилда йўл қўйиладиган энг кам миқдори 16 735,0 млн.сўм этиб ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 5-иловага мувофиқ белгилансин.
6. Вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармаси ҳажми 2026 йил учун 36 614,5 млн.сўм миқдорида белгилансин.
2026 йил учун вилоятнинг вилоят бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари тегишли бюджетлар тасдиқланган умумий харажатларининг (бундан туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга доир маблағлари мустасно) камида 1,0 фоизи миқдорида шакллантирилади.
Бунда туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари миқдори олдинги йилдаги ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилиши ҳамда қўшимча маблағларни шакллантириш вилоятнинг вилоят бюджети захира жамғармалари маблағларини камайтириш ҳисобидан амалга оширилганлиги инобатга олинсин.
вилоят, туман ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари маблағларини амалдаги Бюджет кодексининг 73-моддасига мувофиқ, бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.
7. Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлоқ миқдорда 1 гектар ер учун белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 6-иловага, жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ташқари) мутлоқ миқдорда 1 м2 учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 7-иловага, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотларнинг 1 м2 учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қийматга нисбатан киритилаётган коэффициентлар 8-иловага, Жисмоний шахслар мол-мулк солиғи 9-иловага, Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ ставкалар 10-иловага ҳамда Солиқ солиш мақсадида қўлланиладиган кўчмас мулк объектларининг ижараси қийматининг 1 квадрат метри учун ўрнатилаётган минимал миқдорлар 11-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-387-сонли қарорига мувофиқ, вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси:
республика бюджетидан вилоятнинг вилоят бюджетига ўтказиб бериладиган даромад прогнозининг ошириб бажарилган қисмидан 50 фоизини 2025 йил 1 декабрь ҳолатига статистика органларидан олинган туман (шаҳар)лар аҳолисининг жами вилоят аҳолиси улушига мувофиқ, туман (шаҳар)лар бюджетларига белгиланган муддатларда ўтказиш;
деҳқон бозорлари, ихтисослаштирилган ва буюм бозорларидан тушган солиқлар бўйича вилоят бюджетига ўтказилган маблағларни ушбу соҳадаги ҳамда маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш учун мазкур бозорлар жойлашган туман (шаҳар)лар бюджетларига тўлиқ ўтказилишини таъминласин.
9. Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи З. Бахриддинов, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (З. Муминов), вилоят солиқ бошқармаси (Ш. Имомов) туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда 2026 йил маҳаллий бюджети учун белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
10. Барча туман ва шаҳар ҳокимликлари, масъул бошқарма ва ташкилотлар 2026 йил учун ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш, тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш ҳамда бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.
11. Вилоят солиқ бошқармаси (Ш. Имомов) ҳудудий солиқ органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб:
солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини ўрнатиш;
ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлилилар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;
ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш, яъни хатлов ишларини самарали ва мунтазам ташкил этиб бориш вазифалари юклатилсин.
12. Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси (Б. Мирзааҳмедов), вилоят солиқ бошқармаси (Ш. Имомов) билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсинлар ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилсин.
13. Давлат активларини бошқариш агентлиги Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси (Б. Матмусаев) Бўш турган объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси (А. Ахмадалиев) билан биргаликда:
бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш бўйича доимий равишда хатлов ишларини ташкил этиш;
хатлов натижаларига кўра вилоятда мавжуд бўш турган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантириш, ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилсин.
14. Наманган вилояти ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси (Ж. Риззаев) ва вилоят солиқ бошқармаси (Ш. Имомов) туман ва шаҳар ҳокимлари билан биргаликда вилоятда суғоришга сарфланаётган сув ҳажмлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қадар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.
Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресурслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.
15. Вилоят ички ишлар бошқармаси (Ш. Алиев), Адлия бошқармаси (Д. Ахмедов) вилоятда бюджетга ҳисобланган бож, жарима ва йиғимларни ўз вақтида тўлиқ маҳаллий бюджетга ундириш чораларини кўриб борсинлар.
16. Вилоят солиқ бошқармаси (Ш.Имомов), Қишлоқ хўжалиги бошқармаси (Н. Худойбердиев) туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 709-сонли қарорига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришда ҳисобланган ижара ва қўшимча тўлов суммаларини белгиланган графикларга мувофиқ маҳаллий бюджетларга ундириш чораларини кўрсинлар.
17. Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексининг 27 ва 28-моддаларида белгиланган бюджет соҳасидаги ваколатларидан келиб чиқиб, бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар тўлиқ ва ўз вақтида тушиши ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 12 ноябрдаги 718-сон қарорига мувофиқ, Наманган шаҳри таркибида Давлатобод тумани ва «Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 майдаги 293-сон қарорига мувофиқ, Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган тумани ташкил этилганлигини инобатга олиб, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилгунга қадар шунингдек, вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар таркибидаги туманлар Халқ депутатлари Кенгашлари ваколатларини чекланиб қолинишини олдини олиш мақсадида, Наманган шаҳар бюджетининг 2026 йил бошида аниқланадиган эркин қолдиқ маблағлари ҳамда даромадларининг биринчи-учинчи ҳисобот чораклари якунлари бўйича аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилган қисмидан 25 (йигирма беш) фоиз Наманган шаҳри таркибидаги Давлатобод туманига, 25 (йигирма беш) фоиз Наманган шаҳри таркибидаги Янги Наманган туманига йўналтирилсин.
19. Ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳар йили 25 январь кунига қадар бюджет маблағларининг самарали ва мақсадли сарфланганлиги, харажатларнинг амалий натижалари юзасидан йиллик фаолияти тўғрисида маҳаллий Кенгашларга ҳисобот бериб борсин.
Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилар:
ўз тасарруфидаги тизимда бюджет интизомига амал қилиниши устидан назорат қилиш;
ўзларининг ва тасарруфидаги ташкилотларнинг харажатлар сметаси ва штат жадваллари ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғри тузилиши;
бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва мақсадли индикаторларнинг тўлиқ бажарилиши;
тасарруфидаги тизим ташкилотларига бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри тақсимланиши;
бюджетдан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хусусан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал хизматлар ва давлат дастурлари учун белгиланган харажатларни тўлиқ режалаштирилиши ва ўз вақтида тўланишини;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириб борилишини таъминласинлар.
20. Монополияга қарши кўрашиш қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси (Ф. Салохиддинов) туман ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда ташқи реклама объектларини тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда, ушбу ташқи реклама объектлари бўйича шартномалар тузиш чораларини кўрсин ҳамда ушбу шартномалар бўйича йиғимларни бюджетга тўланиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
21. Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Давлат молиявий назорати Инспекцияси Наманган вилояти бошқармаси (Б. Ходжиев) бюджетдан ажратилган маблағларни мақсадли ишлатилишини назорат қилиш ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида ахборот бериб бориш вазифалари юклатилсин.
22. Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати (И. Рахматов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси (А. Эргашев), Давлат солиқ бошқармаси (Ш. Имомов), Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (З. Муминов) билан биргаликда вилоят телерадиокомпанияси ҳамда вилоятдаги бошқа оммавий ахборот воситаларида, ҳокимлик муассислигидаги газеталарда Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни эълон қилиниши ҳамда ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини ташкил этсин.
23. Мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
24. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси ҳамда вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари-иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи З. Бахриддинов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси С. МУМИНОВ
Наманган вилояти,
2025 йил 29 декабрь,
VII-17-165-6-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.