ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ УРГАНЧ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Урганч туманидаги айрим географик объект (кўча, тор кўча, берк кўча)ларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунининг 10-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги 295-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 24 ноябрдаги 05/19-20688-сонли йиғилиш баёни ва баённома билан тасдиқланган эксперт хулосасини инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 6 ва 24-моддаларига асосан Халқ депутатлари туман кенгаши қарор қилади:
1. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 24 ноябрдаги 05/19-20688-сонли йиғилиш баёни ва баённома билан тасдиқланган эксперт хулосаси ва туман ҳокимлигининг географик объект (кўча, тор кўча, берк кўча)ларни номлаш ва қайта номлаш бўйича таклифи маъқуллансин.
2. Урганч туманидаги географик объектлар (кўча, тор кўча, берк кўча) номлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Урганч тумани Давлат солиқ инспекцияси, туман статистика бўлими, Давлат хизматлари маркази, иқтисодиёт ва молия бўлими, туман ички ишлар бўлими, Давлат кадастрлари палатаси туман филиали, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими ҳамда бошқа тегишли мутасадди ташкилотларга қуйидагилар топширилсин:
мазкур қарор билан номлари тасдиқланган 73 та кўчани белгиланган тартибда иш юритиш ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш, шунингдек, бошқа тегишли ташкилий-амалий чораларни кўриш;
туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан фуқароларни рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш жараёнларида янгиланган кўча номларининг тўғри акс эттирилишига алоҳида эътибор қаратилиши таъминлансин.
4. Туман ҳокимининг ўринбосари А. Хўжаев, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Урганч тумани бўлими С. Бекчанов ҳамда Ободонлаштириш бошқармаси Д. Якубовга бир ой муддатда:
қарор иловасига мувофиқ тасдиқланган рўйхат асосидаги кўчаларга уларнинг янги номлари ёзилган металл кўрсаткичлар, белгилар ва пешлавҳаларни белгиланган тартибда замонавий кўринишда, лотин ёзувида босқичма-босқич ўрнатиш ва алмаштириш;
амалга оширилган ишлар бўйича маълумотларни белгиланган муддатда Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссиясига тақдим этиш вазифаси топширилсин.
5. Туман ички ишлар бўлими Ж. Рахметовга:
фуқароларнинг хорижга чиқиш ва кириш учун ҳужжатларини расмийлаштиришда кўчаларнинг қайта номланганлигига алоҳида эътибор қаратиш;
расмийлаштириладиган ҳужжатларда географик объектларнинг номлари тўғри акс эттирилишини доимий назоратга олиш топширилсин.
6. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси томонидан географик объектларга берилган номлар бўйича тегишли ҳужжатлар ўн кун муддатда Географик объектлар номларининг давлат реестрига киритиш учун Кадастр агентлигига тақдим этилсин.
7. Мазкур қарор билан боғлиқ ҳужжатлар географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссиясига тақдим этилсин.
8. Туман иқтисодиёт ва молия бўлими Р. Сабиров қарор ижросини молиялаштириш бўйича 3 кун муддатда туман ҳокимлигига таклиф киритсин.
9. Мазкур қарор «Урганч ҳақиқати» газетасида расман эълон қилинсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин, ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
10. Қарор ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари туман кенгашининг Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси Г. СУЛТАНОВ
Хоразм вилояти, Урганч тумани,
2025 йил 11 декабрь,
VII-16-123-12-173-К/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан ПДФ шаклида танишиш мумкин.