ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан сайланган депутатлар гуруҳи томонидан ўрганилган туманда 2025-2026 йиллар новегетация даврида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга ажратилган чекланган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида»ги Низом талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
2. Шаҳрисабз туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори А. Ароловнинг Шаҳрисабз тумани бўйича 2025-2026 йил новегетация даври учун қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга ажратилган чекланган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин ва иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори (А. Аролов)га:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш;
амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисоботларни ўз вақтида бериб бориш вазифалари юклатилсин.
4. Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи (Ж. Асқаров), туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори (А. Аролов):
Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган «Шаҳрисабз томорқа хизмати» МЧЖ, «Хасанова Махбуса» фермер хўжалиги, «Махамов Бозор бобо» фермер хўжалиги, «Умид Агрофоод» МЧЖ, «Санобар автотранс» МЧЖ, «Голд-wай-эхпресс» МЧЖ, «Кеш турист голд сульфар» МЧЖ сув истеъмолчиларига 2025-2026-гидрологик йил учун қишлоқ хўжалиги режасида белгиланган экинларни экиб, ўз мажбуриятига олган экспорт режасини бажариб бўлганидан кейин сув лимити ажратилсин, ушбу жараён назоратга олинсин;
2022-2023-2024 йилларда солиққа тортилган сув ресурсларининг ҳажмларини қайтадан ҳисоблаб чиқиш назоратга олинсин;
2025-2026 йил учун Кенгаш қарорига асосан қайта ҳисобланган сув лимити ажратиш белгилансин;
юқорида кўрсатилган сув истеъмолчилари сувдан доимий равишда ноқонуний ва ўз бошимчалик билан фойдаланиб келган, шунинг натижаси гидротехник иншоотларга зарар етказилган ушбу ҳолатни Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан назоратга олиниши юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилсин;
2025 йил учун ноқонуний истеъмол қилинган сув ресурслари учун 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли Қарорига асосан икки баробар оширувчи коэффициент қўлланилиши назоратга олинсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (Б. Караев) ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси раиси (А. Узоқов) зиммаларига юклансин.
6. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси ХАСАНОВ САМАД АХАТИЛЛАЕВИЧ
Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани,
2025 йил 14 ноябрь,
VII-21-102-4-67-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.