ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТОШКЕНТ ШАҲРИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларининг тўлов тизимларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 211-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 26 апрелдаги ПҚ-1326-сон қарорига асосан ҳамда «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУКнинг 2025 йил 6 октябрдаги 01-1973-сон мурожаатини инобатга олиб, қарор қиламан:
1. «Эски Жува деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори» акциядорлик жамиятларида тўловларни электрон тўлов тизимлари орқали ундириш билан боғлиқ барча ташкилий ишлар якунига етказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. 2025 йил 1 декабрдан бошлаб «Миробод деҳқон бозори» ва «Эски Жува деҳқон бозори» акциядорлик жамиятларида ундириб олинадиган бир марталик (бозор паттаси) тўлови, инвентарларни ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган тўловлар, бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун ижара тўловлари, умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилсин.
3. Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси (Й. Насимджанов), Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси (З. Караев), «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК (А. Раззоқов):
«Эски Жува деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори» акциядорлик жамиятлари билан бирга жамиятларда ундириб олинадиган бир марталик (бозор паттаси) тўловлари, инвентарларни ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган тўловлар, бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун ижара тўловлари, умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар қийматини электрон тарзда қабул қилишни;
бозорлар ва савдо комплексларининг раҳбарлари билан бирга инвентарларни ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган янги миқдорларни жорий этиш бўйича белгиланган тартибда зарур тадбирлар ўтказилишини таъминласин.
4. «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК (А. Раззоқов):
«Эски Жува деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори» акциядорлик жамиятлари раҳбарлари билан бирга мазкур жамиятларда ундириб олинадиган бир марталик (бозор паттаси) тўловларини, инвентарларни ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган тўловларни, бино ва иншоотлардан фойдаланганлик учун ижара тўловларини, умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни электрон тарзда қабул қилиш;
бозорлар ва савдо комплексларининг раҳбарлари билан бирга инвентарларни ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган янги миқдорлар бўйича эълонларни бозорлар ҳамда савдо комплексларининг кириш қисмларига жойлаштириш чораларини кўрсин.
5. Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг янги миқдорларини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 14 февралдаги 101-14-0-Q/25-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари (А. Хен), Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати (Г. Касимова) мазкур қарор расмий эълон қилиниши ва «www.тошкент.уз» веб-саҳифасига жойлаштирилишини таъминлансин.
7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б. Хайдаров зиммасига юклансин.
Тошкент шаҳар ҳокими Ш. УМУРЗАКОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 18 ноябрь,
837-14-0-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.