ТОШКЕНТ ШАҲРИ ОЛМАЗОР ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Олмазор туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 20 октябрдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги ЎРҚ-642-сон Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон ва 2025 йил 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-126-сон Фармонлари ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 25-моддаларига мувофиқ, қарор қиламан:
1. Олмазор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи М. Мирзамахмудов «Олмазор туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида»ги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-126-сон Фармонига асосан қуйидагилар:
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантириши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг уч фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг етти фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан 2026 йилда мажбурий захирага қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан 2026 йилда мажбурий захирага қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Тумандаги ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда ҳамда бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналарда 2026 йил учун жами 648 та (2,3 фоиз) иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилади. Шу жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 0,5 фоиз (172 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 0,3 фоиз (89 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 1,3 фоиз (382 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 0,06 фоиз (19 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 0,05 фоиз (15 киши);
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 0 фоиз (0 киши).
5. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари:
йил бошланишидан олдин ўн кундан кечикмай муҳтожлар учун захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида захирага қўйилиши ва тайёрлигини таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар Олмазор тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминлайди, бу ҳақда Олмазор тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини биринчи чорак тамом бўлганидан сўнг, 10 кундан кечикмай хабардор қилади;
ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасигача Олмазор тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига муҳтожларни ишга жойлаштириш тўғрисида ахборот тақдим этади.
захирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-64-сон қарорига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия тўлаб берилиши таъминлансин.
7. Ўзбекистон Республикасининг 20 октябрдаги «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги 2020 йил ЎРҚ-642-сон Қонунининг тегишли моддаларига асосан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига энг кам миқдордаги иш жойларини яратиш юзасидан қабул қилинган мазкур қарорни бажармаганлик учун иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
8. Олмазор тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи А. Хамидов:
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1- ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича Олмазор тумани ҳокимининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилишини таъминласин.
9. Туман ҳокимининг Матбуот котиби-ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси В. Талиджанов:
мазкур қарорни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштиришини таъминласин.
10. Мазкур қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Туман ҳокими А. УМАРХОНОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 18 ноябрь,
572-14-197-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.