ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Сурхондарё вилоятида юридик ва жисмоний шахсларнинг 2026 йил учун мол-мулк ҳамда ер солиғи ставкаларини белгилаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 412-, 429-моддаларига асосан Сурхондарё вилоятида 2026 йилда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг минимал қийматига нисбатан коэффициент қўллаш ва вилоятда юридик ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларига 2026 йил учун ер солиғи ставкаларини тасдиқлаш юзасидан депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-, 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Вилоят Солиқ бошқармасининг 2025 йил 5 декабрдаги 27-105276-сон хати маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Ш. Ражабов, вилоят Солиқ бошқармаси (Э. Нарманов)га:
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотларнинг 1 кв. м учун мутлоқ миқдорда белгиланган минимал қийматда бўлишини назорат қилиш;
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотларнинг 1 кв. м учун мутлоқ миқдори вилоят марказларида 2 350 000 (икки миллион уч юз элик минг) сўм ва бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 1 390 000 (бир миллион уч юз тўқсон минг) сўм белгиланганлиги минимал қийматда бўлиши юзасидан «Сурхондарё» телевидениеси билан ҳамкорликда пресс клублар ва чиқишларни амалга ошириш ҳамда телевидение орқали кенг оммага тақдим этиш;
минимал қиймат бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ қишлоқ жойларида кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида, халқ депутатлари вилоят Кенгаши белгилаган минимал қийматга туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб, 0,5 гача камайтирувчи коэффициент киритиш;
юридик шахслар томонидан мавжуд мол-мулклари учун ҳисобланган ер солиқларини ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб боришларини назоратга олиш вазифалари юклатилсин.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси билан белгиланадиган юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг минимал қийматга нисбатан коэффициенти 1-иловага;
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси билан белгиланадиган солиқ ставкалари асосида (юридик ва жисмоний шахсларнинг) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун шаҳар ва туманлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб, камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Ш. Ражабов, вилоят Солиқ бошқармаси (Э. Нарманов):
ер солиғининг амалдаги ставкалари юридик шахслар 1 гектарга 37,7 млн. сўм ва жисмоний шахслар 1 кв. м га 353,0 сўм, юридик шахслар учун 1,30-1,53 коэффициентгача ва жисмоний шахслар 1,2 — 1,5 коэффициентгача индексация қилиниши қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилаши мумкинлиги юзасидан «Сурхондарё» телевидениеси билан ҳамкорликда пресс клублар ва чиқишларни амалга ошириш ҳамда телевидение орқали оммага тақдим этсин;
белгиланган ер солиғи ставкаларига (юридик ва жисмоний шахсларнинг) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, мавзе, маҳалла, кўча кесимида 0,5 дан 2,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллашлари юзасидан маълумотларни таъминлаб берсин;
10 (ўн) кун муддатда 2025 йил давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлари учун ер солиқларини белгиланган муддатда ва миқдорда фаоллик билан тўлаган вилоятдаги барча юридик ва жисмоний шахсларни маҳаллий бюджет ҳисобидан моддий ва маънавий рағбатлантириш тўғрисида тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига таклифларини киритсин;
халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашлари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари учун кейинги солиқ даврига тасдиқланган солиқ ставкаларини 5 (беш) кун ичида солиқ тўловчиларга маълумот учун етказилишини таъминласин;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан мавжуд ер майдонлари учун ҳисобланган ер солиқларини ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб боришларини назоратга олсин. ҳар чорак якунида юридик ва жисмоний шахсларга ҳисобланган ер солиғи ва ундирилган солиқлар тўғрисида ҳамда юридик шахсларга ҳисобланган мол-мулк солиғи ва ундирилган бошқа солиқлари тўғрисида халқ депутатлари вилоят Кенгашига ахборот бериб борсин.
5. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят телерадиокомпанияси (Б. Мингбоев), «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари таҳририяти (С. Норқобилов)га мазкур лойиҳани амалга оширишдан мақсад ва унинг вилоят, шаҳар ва туманлар иқтисодиётини юксалтиришдаги афзалликлари тўғрисида телевидение, радио, расмий саҳифалар орқали оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2025 йил 24 январдаги «Сурхондарё вилоятида юридик ва жисмоний шахсларнинг 2025 йил учун мол-мулк ҳамда ер солиғи ставкаларини белгилаш ҳақида» ВИИ-4-10-8-0-К/25-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (И. Ёқубов) зиммасига юклатилсин.
8. Қарор лойиҳаси регулатион.гов.узга муҳокамага қўйилганда берилган таклиф ва эътирозлардан келиб чиқиб ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги инобатга олинсин.
9. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан кучга киради.
Кенгаш раиси ЧОРИЕВ АБДУРАИМ РАВШАНОВИЧ
Сурхондарё вилояти,
2026 йил 6 январь,
VII-17-2-8-0-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.