ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
қарори
Урганч шаҳрида маиший чиқинди хизматлари учун тўлов тарифларини миқдорини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5-сонли Фармонининг 1-иловасининг 4-босқичида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари маиший чиқинди хизматлари тарифларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланган.
Вилоят ҳокимлигининг 2025 йил 20 ноябрдаги 03-09/11999-сонли хати ҳамда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 13 ноябрдаги Хоразм вилояти «Тоза ҳудуд» ДМ Урганч филиали томонидан жисмоний шахсларнинг қаттиқ ва маиший чиқиндиларини ташиб кетиш хизматлари нарх (тариф)и (ҚҚС билан) 7 600 сўм (бир киши бошига бир ойда) ҳамда юридик шахсларнинг қаттиқ ва маиший чиқиндиларини ташиб кетиш хизматлари нарх (тариф)и 1 м3 учун (ҚҚС билан) 92 730 сўм миқдоридан ошмаган ҳолда белгилаш юзасидан 02-17-33-39/8-сонли хулосасига асосланиб, Урганч шаҳар ҳудудидан маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларини такомиллаштириш, шаҳарнинг экологик ва санитария ҳолатини янада яхшилаш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Урганч шаҳрида маиший чиқинди хизматлари учун тўлов тарифларини миқдорини тасдиқлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимлигининг 2025 йил 20 ноябрдаги 03-09/11999-сонли хати ҳамда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 13 ноябрдаги 02-17-33-39/8-сонли хулосаси маълумот учун қабул қилинсин.
2. Урганч шаҳрида маиший чиқиндилар, агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ҳамда смёт маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари иловага асосан тасдиқлансин.
3. Вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Бекчанов белгиланган тартибда Урганч шаҳрида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари (нархлари) миқдорини тасдиқлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин.
4. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш вилоят бошқармаси (Б. Сабиров), вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси (К. Тангрибердиев), вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси (М. Самандаров) Урганч шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда аҳолининг кенг қатламлари орасида фуқароларнинг ҳуқуқий ва санитария-экологик саводхонлигини оширишга қаратилган тушунтириш ишларини ташкил этсин.
5. Ушбу қарор «Хоразм ҳақиқати» газетасида расмий эълон қилинсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
6. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси раиси К.Игамбергенов зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси А. РАДЖАБОВ
Хоразм вилояти,
2025 йил 10 декабрь,
VII-15-149-12-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.