Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
ҚАРОРИ
Банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган техник талабларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 30 декабрдаги рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2816-3]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 сентябрдаги 562-сон «Қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2016 йил 25 июндаги 18/2-сон қарори (рўйхат рақами 2816, 2016 йил 26 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 30-сон, 366-модда) билан тасдиқланган Банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган техник талабларга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
26 декабрь 2025,
35/10-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 26 декабрдаги 35/10-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган техник талабларга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Касса тармоғи таркибига валюта айирбошлаш шохобчаси ва чакана амалиёт касса хоналарини жойлаштириш нақд пул ва бошқа қимматликлар билан ишлаш (санаш, саралаш, ўраб-боғлаш ва касса операцияларини бажариш), уларнинг бут сақланишини таъминлашни инобатга олган ҳолда Бош банк томонидан белгиланади.».
2. 451-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«451. Банк бўлинмаларининг (филиал, банк хизматлари офиси, банк хизматлари маркази) нақд пуллари ва қимматликларини инкассация хизмати ва «Республика махсус алоқа боғламаси» давлат унитар корхонаси томонидан сақлаш учун қабул қилишда, уларнинг пул омбори мазкур техник талабларда кўрсатилган банкларнинг пул омборига қўйилган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 10/25/2816-3/1246-сон)