ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Вилоят ҳудудида маиший чиқинди хизматлари учун тўлов тарифларини миқдорини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январда «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5-сонли фармони 1-иловасининг 4-босқичида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари маиший чиқинди хизматлари тарифларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланган.
Вилоят ҳокимлигининг 2025 йил 20 октябрдаги 03-5-09/10652-сонли хати ҳамда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 20 октябрдаги Хоразм вилояти «Тоза ҳудуд» ДМ, «Eco klaster» МЧЖ ва «Хоразм газ пайвандчилар» МЧЖ томонидан жисмоний шахсларнинг қаттиқ ва маиший чиқиндиларини ташиб кетиш хизматлари нарх (тариф)и (ҚҚС билан) 6 700 сўм (бир киши бошига бир ойда) ҳамда юридик шахсларнинг қаттиқ ва маиший чиқиндиларини ташиб кетиш хизматлари нарх (тариф)и 1 м3 учун (ҚҚС билан) 74 060 сўм миқдоридан ошмаган ҳолда белгилаш юзасидан 02-17-33-38/1055-сонли ва «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси томонидан ҳудудий полигонларда маиший чиқиндиларни қабул қилиш ва сақлаш хизматлари нарх (тариф)и ҚҚС сиз 18 000 сўм ҚҚС билан бирга 21 600 сўм (бир метр куб учун) миқдоридан ошмаган ҳолда белгилаш юзасидан 02-17-33-38/1057-сонли хулосаларига асосланиб, вилоят ҳудудларидан маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларини такомиллаштириш, ҳудудларнинг экологик ва санитария ҳолатини янада яхшилаш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Вилоят ҳудудида маиший чиқинди хизматлари учун тўлов тарифларини миқдорини тасдиқлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимлигининг 2025 йил 20 октябрдаги 03-5-09/10652-сонли хати ҳамда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 20 октябрдаги 02-17-33-38/1055-сонли ва 02-17-33-38/1057-сонли хулосалари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2024 йил 26 апрелдаги «Хоразм вилояти ҳудудларида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари миқдорини белгилаш тўғрисида»ги VI-80-57-12-0-К/24-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Хоразм вилоятининг шаҳар (туман)ларида маиший чиқиндилар, агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ҳамда смёт маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари иловага асосан тасдиқлансин.
4. Вилоят ҳокимининг ўринбосари С.Бекчанов белгиланган тартибда шаҳар (туман)ларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари (нархлари) миқдорини тасдиқлаш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин.
5. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш вилоят бошқармаси (Б.Сабиров), вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси (К.Тангрибердиев), вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси (М.Самандаров) шаҳар (туман)лар ҳокимликлари билан биргаликда аҳолининг кенг қатламлари орасида фуқароларнинг ҳуқуқий ва санитария-экологик саводхонлигини оширишга қаратилган тушунтириш ишларини ташкил этсин.
6. Хоразм вилояти телерадиокомпанияси директори Ў.Матқурбанов ҳамда «Хоразм ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири С.Рахимбергановалар ушбу қарорни расман эълон қилсин.
7. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича доимий комиссияси раиси К.Игамбергенов зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси РАДЖАБОВ АЛТИБАЙ БЕГЖАНОВИЧ
Хоразм вилояти,
2025 йил 7 ноябрь,
VII-14-139-12-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.