ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ УЛУҒНОР ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Улуғнор туманида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора- тадбирлари ва 2025-2026 йилларнинг куз-қиш мавсуми учун қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга ажратилган чекланган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, сув ресурсларини бошқариш тамойиллари ва тизимини такомиллаштириш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув - текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Сув ресурсларини бошқариш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, ирригация ва мелиорация лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш, сув хўжалигини бошқариш соҳасида бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳада илм-фанни ривожлантириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январь кунги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-, 24-моддаларига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январь кунги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январь кунги ПҚ-5-сонли қарори 7-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1 октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Белгилансинки:
Улуғнор тумани бўйича 2025-2026 йилларнинг кузги-қишки мавсумида иқтисодиёт тармоқларига ажратилган чекланган сув миқдори 1-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани бўйича 2025-2026 йилларнинг кузги-қишки мавсумида сув манбаларидан олинадиган чекланган сув миқдори 2-иловага мувофиқ;
Улуғнор туманнинг 2025-2026 йилларда новегетация мавсуми учун суғоришга ажратилган чекланган сув лимити тақсимоти 3-иловагамувофиқ;
Улуғнор туманнинг 2025-2026 йилларда новегетация мавсуми учун саноат техник эҳтиёжлари (ПТН) таксимоти 4-иловага мувофиқ;
Улуғнор туманнинг 2025-2026 йиллар новегетация мавсуми учун чекланган сув лимити тақсимоти 5-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани қишлоқ хўжалиги экинлари ғалла майдонларининг 2025-2026 йилларда новегетация мавсуми учун чекланган сув лимити тақсимоти 6-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани қишлоқ хўжалиги экинлари сабзоват ва бошқа экин майдонларининг 2025-2026 йилларда новегетация мавсуми учун чекланган сув лимити тақсимоти 7-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани қишлоқ хўжалиги экинлари беда майдонларининг 2025-2026 йилларда новегетация мавсуми учун чекланган сув лимити тақсимоти 8-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани қишлоқ хўжалиги экинлари боғ ва ток майдонларининг 2025-2026 йилларда новегетация мавсуми учун чекланган сув лимити тақсимоти 9-иловага мувофиқ;
Улуғнор тумани қишлоқ хўжалиги экинлари томорқа майдонларининг 2025-2026 йиллар новегетация мавсуми учун чекланган сув лимити тақсимоти 10-иловага мувофиқ;
Улуғнор туманида балиқчилик фермер хўжаликларнинг 2025-2026 йилларда новегетация мавсуми учун чекланган сув лимити тақсимоти 11-иловага мувофиқ
Улуғнор туманида фермер хўжаликлари бўйича 2025-2026 йилларнинг куз-қиш мавсумида шўрланган ерларни ювиш режалари 12-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимлиги манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда суғориш тармоқларини хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг тегишлилиги бўйича балансга берилиши ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши чораларини кўрсин.
5. Улуғнор тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси раҳбари А. Хайдаровга:
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
туман ҳудудида сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
амалга оширилган ишлар юзасидан туман Кенгашига ҳар ярим йилликда ҳисобот бериш вазифалари юклатилсин.
6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Улуғнор тумани Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Х. Хамидов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси АХМАДЖОНОВ МУХАММАДИСЛОМИДДИН МУХАММАДСОБИРОВИЧ
Андижон вилояти, Улуғнор тумани,
2025 йил 6 ноябрь,
VII-9-67-1-26-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.