ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ АНГОР ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Туманда 2025-2026 йиллар носуғориш даври (октябрь-март) учун туман чегарасидан олинадиган истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарорининг ижросини таъминлаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув – текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни ташкиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий Қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1 октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритилиши белгиланганлиги бўйича тартибга кўра Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Ангор тумани «Сув этказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан 2025 йил 26 сентябрда 01-4/109-сонли хати билан тақдим этилган маълумотларни Халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси йиғилиши муҳокамасида билдирилган таклифларни эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-ва 24-моддаларига асосан, Халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси 38-бандига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Ангор тумани «Сув этказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилган 2025-2026 йиллар носуғориш (1 октябрдан 31 мартгача) туман чегарасидан олинадиган 60.2 млн.м3 сув олиш лимитларини 1533 та сув истеъмолчилари кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитлари ҳудудлар кесимида иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
4. Тумандаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи сув истеъмолчиларига истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.
5. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳамда «Ангор ёғдуси» газетаси таҳририяти (Г. Жумаева) мазкур қарорни тасдиқлангандан кейин туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига ва «Ангор ёғдуси» газетасида эълон қилинишини назоратга олсин.
6. Мазкур сессия қарорини ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари Ангор тумани Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси (Р. Примқулов) зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан кучга киради.
Кенгаш раиси МАРДОНОВ ҚОСИМ ЭСОНОВИЧ
Сурхондарё вилояти, Ангор тумани,
2025 йил 31 октябрь,
VII-15-132-8-109-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.