ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҚИБРАЙ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Қибрай туманида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-боб ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан 2026 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6, 25-моддаларига асосан қарор қиламан:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-126-сон Фармонига асосан:
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қибрай тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда Қибрай тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг Қибрай тумани ҳудудидаги ташкилотлар бўйича 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларини белгилаш тўғрисидаги қуйидагитаклифлари маъқуллансин:
ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг етти фоизидан ошмаган миқдорда ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг уч фоизидан ошмаган миқдорида келгуси йил учун 105 та иш ўринларини захирага қўйиш, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 4 киши;
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 10 киши; камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 75 киши;
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 8 киши;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 8 киши;
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 0 киши миқдорида иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилади.
3. 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштиришмақсадида қуйидагилар:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захирага қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий захирага қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаб, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар Қибрай тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилининг биринчи чораги мобайнида таъминлаш, бу ҳақида Қибрай тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини биринчи чорак тамом бўлганидан сўнг, 10 кундан кечикмай хабардор қилади;
ишга жойлаштириш тўғрисида Қибрай тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади.
Захирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-64-сон қарорига мувофиқ аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга — ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия маблағлари тўлаб берилсин.
6. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 3, 13, 34, 38, 39, 40, 41-моддаларига асосан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига энг кам миқдордаги иш жойларини яратиш юзасидан қабул қилинган мазкур қарорни бажармаганлик учун иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низомнинг 21-банди, 2-қисмига асосан, муҳтожлар учун иш ўринларини захирага қўйиш бўйича Қибрай тумани Кенгашининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.
8. Қибрай тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (Х. Авазматов):
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича Қибрай тумани ҳокимининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учунташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш таъминлансин.
9. Қибрай тумани ҳокимининг 2024 йил 30 октябрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2025 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги 431-10-139-Қ/24-сонли қарори 2025 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ҳокимлик матбуот котиби (Т. Ташходжаев), «Қибрай садоси» газетаси таҳририяти (А. Қаҳҳоров):
мазкур қарорни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ҳамда ҳокимликнинг расмий веб сайтига жойлаштириш чорасини кўрсинлар.
11. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У. Ботиров зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими М. А. РАШИДОВ
Тошкент вилояти, Қибрай тумани,
2025 йил 31 октябрь,
372-10-139-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.