ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ОЛМАЛИҚ ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Олмалиқ шаҳридаги мавжуд географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисида
Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 20 июндаги йиғилиш баёни ва 05-19-10077-сонли хулосаси, 2025 йил 18 сентябрдаги Тошкент вилояти ҳокими З. Мирзаевнинг 68-сонли комиссия йиғилиш баёни, Кадастр агентлигининг 2025 йил 16 сентябрдаги 03/08-10390-сонли хати ва 05-19-15671-сонли эксперт хулосасини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида» ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 6-,24-моддаларига асосан Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича шаҳар комиссияси раисининг ўринбосари А.Субхонқуловнинг ҳисоботи, «Э-кенгаш» электрон тизими орқали 2025 йил 30 сентябрдан 15 октябрга қадар 205730-ИД рақами орқали жамоатчилик муҳокамасида турганлиги ҳамда 2025 йил 20 октябрдаги доимий комиссияларининг қўшма мажлиси ҳулосаси маълумот учун қабул қилинсин.
2. Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 20 июндаги йиғилиш баёни ва 05-19-10077-сонли хулосаси, 2025 йил 18 сентябрдаги Тошкент вилояти ҳокими З. Мирзаевнинг 68-сонли комиссия йиғилиш баёни, Кадастр агентлигининг 2025 йил 16 сентябрдаги 03/08-10390-сонли хати ва 05-19-15671-сонли эксперт хулосасига асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ деб топилган шаҳардаги 542 та кўча номлари рўйхати иловага асосан тасдиқлансин.
3. Олмалиқ шаҳар Давлат солиқ инспекцияси,шаҳар статистика бўлими, Давлат хизматлари маркази, иқтисодиёт ва молия бўлими, шаҳар ички ишлар бўлими, Давлат Кадастрлари палатаси шаҳар филиали ва тегишли мутасадди ташкилот раҳбарларига:
ушбу қарор билан номланган 542 та кўча номини давлат рўйхатидан ўтказиш, иш юритиш ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бошқа тегишли тадбирларни мазкур қарорга мувофиқлаштириш ишларини амалга оширсин;
шаҳар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан фуқароларни рўйхатга олиш ва рўйхатдан чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Олмалиқ шаҳар филиали (Р. Сафаханов) ва шаҳар Давлат хизматлари маркази (Ж. Мавлонов )га:
«Географик объектларнинг номлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги 295-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан кўчалар номи ўзгартирилиши муносабати билан аҳолидан белгиланган тартибда давлат божи ундирмаслик чоралари кўрилсин.
5. Шаҳар ҳокимининг ўринбосари (Э. Абдурайимов), Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Олмалиқ шаҳар бўлими (У. Пулатов), Ободонлаштириш бошқармаси (Ж. Бакиров)га 1 ой муддатда ушбу қарор иловасига мувофиқ тасдиқланган рўйхат асосидаги кўчаларга уларнинг номлари ёзилган металл кўрсаткич ва белгилар,пешлавҳаларни босқичма босқич ўрнатиш, алмаштириш ва олиб борилган ишлар юзасидан маълумотларни белгиланган муддатда Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари» бўйича шаҳар комиссияси (А. Субхонқулов)га тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
6. Шаҳар ички ишлар бўлими (Н. Сайидов) фуқароларнинг хорижга чиқиш, кириш учун ҳужжатларини расмийлаштиришда кўчаларнинг номлари қайта номланганлигига алоҳида эътибор қаратиш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда географик объект номларини тўғри ёзилишини доимий назоратга олсин.
7. Мазкур қарор «Олмалиқ ҳаёти» газетасида расман эълон қилинсин ва шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича шаҳар комиссияси раисининг ўринбосари А.Субхонқулов географик объектларга ном берилганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни Географик объектлар номларининг давлат реестрига киритиш учун ўн кунлик муддатда Кадастр агентлигига тақдим этсин.
9. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси (А. Мавлонов) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси ХАМДАМОВ КОБИЛ МУРАТКУЛОВИЧ
Тошкент вилояти, Олмалиқ ш.,
2025 йил 4 ноябрь,
VII-29-92-10-147-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.