ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ СИРДАРЁ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Сирдарё туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-126-сон Фармонларига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги низоми, Сирдарё тумандаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш мақсадида Халқ депутатлари Сирдарё тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантириш ҳамда Меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ва иш ўринларини захиралаш тизимини такомиллаштириш учун Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари қарори билан иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш инобатга олинсин.
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Сирдарё тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда Сирдарё тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг туман ҳудудидаги ташкилотлар бўйича 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларини белгилаш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг етти фоизидан ошмаган миқдорда ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг уч фоизидан ошмаган миқдорида келгуси йил учун 150.65 та иш ўринларини захирага қўйиш, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 1 фоиз (21 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 1 фоиз ( 16 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 2 фоиз (56 киши); муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 1 фоиз ( 39 киши); жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 1 фоиз ( 13 киши); одам савдосидан жабрланган шахслар учун 0,5 фоиз ( 6 киши) миқдорида иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилади.
3. 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш мақсадида қуйидагилар:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларига:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар Сирдарё тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминлаши, бу ҳақда Сирдарё тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини биринчи чорак тамом бўлганидан сўнг, 10 кундан кечикмай хабардор қилади;
ишга жойлаштириш тўғрисида Сирдарё тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-64-сон қарорига мувофиқ аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга — ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия маблағларини тўлаб берилсин.
6. Сирдарё тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (Н. Мирзаев):
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича, Халқ депутатлари Сирдарё тумани Кенгашининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилишини олди олиш бўйича барча зарур чораларни кўрсин.
7. «Сирдарё тумандаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш ҳақида»ги қарор лойиҳаси, норматив хусусиятга эга бўлиб мазкур қарор лойиҳаси (ҳттп//регулатион.гов.уз сайтига ID 109594 жойлаштирилганлиги) инобатга олинсин.
8. Мазкур қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари С. Маманазаров зиммасига юклатилсин.
10. Мазкур қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Сессия раиси САНГИНОВ ЖУРАБЕК МАРУФЖОНОВИЧ
Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани,
2025 йил 31 октябрь,
VII-19-162-9-128-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.