ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ РИШТОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Риштон туманида 2025-2026 йиллар куз-қиш даври учун истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув- текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш хозирги кундаги энг долзарб масалалардан бирдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентимизнинг «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш хамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарори имзоланган.
Ушбу қарор билан:
Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси 38-бандига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (кейинги ўринларда — сув солиғи) ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланганлиги;
Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги махсулотларини ишлаб чиқарувчиларга сув етказиб бериш хизматлари учун тўловлар бекор қилинганлиги;
Ўбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг туман (Риштон туман) ирригация бўлимлари хамда махсус хизматлар негизида «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари (кейинги ўринда-сув етказиб бериш хизматлари) ташкил этилганлиги;
Сув ресусрларидан фойдаланганлик учун солиқдан Ўзбекистон Республикаси давлат бюжетига тушган тушумнинг 40 фоизи сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини молиялаштириш, уларга тегишли объектларни сақлаш ва техник холатини яхшилаш харажатларига йўналтирилиши белгилаб берилди.
Шунингдек, «Сув етказиб бериш хизматлари-белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш, ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш, сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш, истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш ва сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича асосий вазифалари этиб белгиланди.
Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 25 мартга қадар вегетация даври учун ва 25 сентябрга қадар куз-қиш даври учун сув манбаларининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар кесимида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлаш;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1 октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритиш;
истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисоблаш;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,5 камайтирувчи коэффитсиэнт қўлланилади;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффитсиэнт қўлланилади;
балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффитсиэнт, қўлланилади;
сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,5 оширувчи коэффитсиэнт қўлланилиши белгилаб берлиди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарорини ижросини таъминлаш хамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарорида кўрсатиб ўтилган сувни хисоб китоби ва хисоботини юритиш тартибига асосан, Риштон тумани қишлоқ хўжалиги бўлими билан келишилган холда худуддаги барча сув истеъмолчиларни 2025 йил вегитация мавсуми учун қишлоқ хўжалиги экинлари турлари тасдиқланиб, шу асосида хар бир сув истеъмолчилари, сув манбалар, иқтисодиёт тармоқлари кесимида сувдан фойдаланиш режалари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хамда Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда вегетация даври учун сув манбаларининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар кесимида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлади.
Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Риштон туман Сув етказиб бериш хизматлари давлат муассасалари ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бўлимлари билан биргаликда 2025 йил вегетация даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун халқ депутатлари Риштон туман Кенгашига Риштон тумани сув етказиб бериш ДМ томонидан хат билан киритилган.
2025-2026 йил новегитация даври учун истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимитларни халқ депутатлари томонидан тасдиқланиши орқали худуддаги хар бир қишлоқ хўжалиги етиштирувчиларга белгиланган лимит доирасида, манбааларни сувлилигига қараб етказиб бериш ва Давлатимиз рахбари томонидан берилгантопшириқларни яна бир бор чуқур англаган ҳолда кластерлар, фермер хўжаликлари ва соҳа ходимлари билан биргаликда белгиланган вазифалар ижросини ва олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларни изчиллик билан амалга оширилишини таъминлаймиз.
Юқоридагиларни ва сессияда депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунини 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Риштон туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи буғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли Қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Мазкур масала Халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, қурилиш, коммунал соҳалар, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан кўриб чиқилганлиги ва доимий комиссия мажлисида муҳокама қилиниб, туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш тўғрисидаги қарори асос учун қабул қилинсин.
3. « Риштон туман Сув етказиб бериш ҳизмати» давлат муассасаси директори С.Ҳайдаровнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижроси юзасидан берган ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мулжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим Қонунлари ва ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси 38-бандига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
5. «Сирдарё-Сўх» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Риштон тумани Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилган 2025-2026 йил куз-қиш (новегетация) даври учун туман ҳудудидаги сув истемолчилари учун 55 млн 415 минг м3 сув лимити, шундан суғоришга 38 млн 082 минг м3 сув лимити, хўжаликлараро каналлардаги сув йўқотишларни инобатга олиб 14 фоизга ва ички каналларда 22 фоизга камайтирган ҳолатда 1276 та истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш лимитлари жадвали 1-иловага мувофиқ, шундан шундан фермер хўжаликлар бўйича 2-иловага мувофиқ, МФЙ томорқалари бўйича 3-иловага мувофиқ, Балиқ етиштириш учун 4-иловага мувофиқ 2025 йил суғориш даврида сув олиш лимитлар жадвали тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарорининг 5-банди ижроси бўйича «Риштон туман Сув етказиб бериш ҳизмати» давлат муассасаси директори (С.Ҳайдаров):
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича тизимли ишларни амалга оширсин.
7. Тумандаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи сув истеъмолчиларига, истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.
8. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари ва туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори С. Ҳайдаровларга, мазкур қарорни 4 бандидаги тартиб барча сув истеъмолчиларига етказиш вазифаси юклатилсин.
9. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати(А. Дехқонов)га:
Мазкур Кенгаш қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни ОАВ ларида, туман ҳокимлигининг веб сайтида шунингдек расмий интернет-каналлар ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиши тавсия этилсин.
10. Мазкур Кенгаш қарори ижросини назорат қилиш Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари (Н. Исақов) ва халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси (Ҳ. Бойигитов)га юклатилсин.
Кенгаш раиси ХОЛИКОВ БАХОДИР РАХМАТУЛЛАЕВИЧ
Фарғона вилояти, Риштон тумани,
2025 йил 4 ноябрь,
VII-14-84-11-158-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.