ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ХИВА ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Хива туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2025 йил 4 августдаги ПФ-126-сонли Фармонига асосан, Хива туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисидаги таклифи атрофлича муҳокама этилиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан, қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сон Фармонига асосан, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш ваколатлари туман ҳокимига ўтказилганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2025 йил 4 августдаги ПФ-126-сон Фармонига асосан:
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
Хива тумани ҳокимлигининг камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг туман ҳудудидаги ташкилоти бўйича 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларини белгилаш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
Ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаган миқдорда ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаган миқдорида келгуси йил учун 84 та иш ўринларини захирага қўйиш;
Жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 38 фоиз (32 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 2 фоиз (2 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 55 фоиз (46 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 5 фоиз (4 киши);
3. 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш мақсадида қуйидагилар:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
ходимларнинг рўйхатдаги ўртача йиллик сони 100 нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин 10 кундан кечиктирмай таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар туман ҳокимлигининг камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминлаши, бу ҳақда туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини биринчи чорак тугаганидан сўнг, 10 кундан кечиктирмай хабардор қилади;
ишга жойлаштириш тўғрисида туман ҳокимлигининг камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади.
Захирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-64-сон қарорига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия маблағлари тўлаб берилсин.
6. Туман ҳокимлигининг камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими М. Раҳимберганов:
8 кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича Халқ депутатлари Хива тумани Кенгашининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш таъминлансин.
7. Ушбу қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б. Худайберганов зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими С. ПАЛВАНОВ
Хоразм вилояти, Хива тумани,
2025 йил 4 ноябрь,
260-12-176-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.