ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЗОМИН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Зомин туманидаги мавжуд географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисида
Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 3 сентябрдаги йиғилиш баёни ва баённома билан тасдиқланган эксперт хулосасини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунининг 10-моддаси ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси раиси ўринбосари Х. Сидиковнинг таклифи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг 2025 йил 3 сентябрдаги йиғилиш баёни ва баённома билан тасдиқланган эксперт хулосасига асосан қонун ҳужжатларига мувофиқ деб топилган тумандаги 1271 та географик объект номлари рўйхати иловага асосан тасдиқлансин.
3. Зомин тумани Давлат солиқ инспекцияси, туман статистика бўлими, Давлат хизматлари маркази, иқтисодиёт ва молия бўлими, туман ички ишлар бўлими, Давлат Кадастрлари палатаси туман филиали ва тегишли мутасадди ташкилот раҳбарларига:
ушбу қарор билан номланган 1271 та географик объектлар, хусусан, кўча, тор ва берк кўчалар номини давлат рўйхатидан ўтказиш, иш юритиш ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бошқа тегишли тадбирларни мазкур қарорга мувофиқлаштириш ишларини амалга оширсин.
4. Туман ҳокимининг ўринбосарлари (З. Омонқулов, Э. Махманазаров), Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими (С. Парманов), туман Ободонлаштириш бошқармаси (А. Юсупов)га 1 ой муддатда ушбу қарор иловасига мувофиқ тасдиқланган рўйхат асосидаги кўчаларга уларнинг номлари ёзилган металл кўрсаткич ва белгилар, пешлавҳаларни босқичма босқич ўрнатиш, алмаштириш ва олиб борилган ишлар юзасидан маълумотларни белгиланган муддатда «Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари» бўйича туман комиссияси (Х. Сидиков)га тақдим этиш вазифаси юклатилсин.
5. Туман ички ишлар бўлими (И. Нурматов) фуқароларнинг хорижга чиқиш, кириш учун ҳужжатларини расмийлаштиришда кўчаларнинг номлари қайта номланганлигига алоҳида эътибор қаратсин, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда географик объект номларини тўғри ёзилишини доимий назоратга олсин.
6. Мазкур қарор Зомин тумани ҳокимлиги «Шарқ тонги» газетасида расман эълон қилинсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
7. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссияси раиси ўринбосари Х. Сидиков, географик объектларга ном берилганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни Географик объектлар номларини давлат реэстрига киритиш учун ўн кунлик муддатда Кадастр агентлигига тақдим этсин.
8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси Д. Бегматова зиммасига юклатилсин.
9. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси АБДУГАНИЕВ АЛИШЕР МУХАММАДИЕВИЧ
Жиззах вилояти, Зомин тумани,
2025 йил 4 ноябрь,
VII-13-141-3-48-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.