ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МИРЗАОБОД ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Мирзаобод туманидаги фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа сув истеъмолчиларга 2025-2026 йил куз-қиш даври учун ажратилган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарорининг 7-бандида 2024 йилдан бошлаб Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 25 мартга қадар вегетация даври учун ва 25 сентябрга қадар куз-қиш даври учун сув манбаларининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар кесимида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлаш;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1 октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритиш;
истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисоблаш тартиблари белгиланган.
Мирзаобод туманида куз-қиш мавсумида экинларни жойлаштириш режаси жами: 30595 га экин ер майдонлари мавжуд бўлиб, шундан шўр ювиш 2500 га, нам суви 700 га, ғалла чорва учун 2000 га, эртаги экин 3500 га, кечки экин 1863 га, кўп йиллик экин 2267 га, оралиқ экин 119 га, аҳоли томорқаси 1854 га ва бошқа экинлар 15792 гектарларни ташкил қилади. Ушбу экинларни сувга бўлган талаби ва суғориш меъёрларига қараб сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида барча ҳудудлар ва истеъмолчиларга лимит ажратилиши режалаштирилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 15 мартдаги 72-сонли буйруғи асосида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги ирригация тизими бошқармалари ҳамда туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаларининг сув олиш ва сув етказиб бериш режалари, сув манбалари, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа эҳтиёжлар бўйича умумлаштирилган. Кутилаётган сув ресурсларини ўз вақтида истеъмолчиларга етказиш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланишни ташкил қилиш ҳамда жорий йилнинг суғориш мавсумини муваффақиятли ўтказиш бўйича туман ҳудудида ҳамда тизимдаги барча Мирзаобод тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ ходимларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш мақсадида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Мирзаобод тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январь кунги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижро ва раҳбарлик учун қабул қилинсин.
2. Мирзаобод туманидаги фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа сув истеъмолчиларга 2025-2026 йил куз-қиш даври учун ажратилган сув лимити ва ҳақиқий олинадиган сув миқдори тўғрисидаги Мирзаобод тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори С.Неъматовнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
3. Мирзаобод туманидаги фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа сув истеъмолчиларга 2025-2026 йил куз-қиш даври учун ажратилган сув лимити ва ҳақиқий олинадиган сув 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Мирзаобод тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори С. Неъматовга:
ажратилган сув олиш лимитлари доирасида ирригация тизими туман сув етказиб бериш хизмати алоҳида аҳамиятга эга бўлган сув объектларининг сув манбалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳар бир сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчилар кесимида уларнинг сувга бўлган талаблари асосида белгиланган сув олиш лимитларини тасдиқлаб, ҳар бир сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчиларига етказсин;
сув истеъмолчилари билан уларга ажратилган сув олиш лимитлари доирасида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларнинг тузилиши ҳамда уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминласин;
сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартномани тузишда сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш (аҳоли томорқа ерлари бундан мустасно) воситалари билан жиҳозлаш;
сув олиш лимитлари асосида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг тасдиқланган режаси (коммунал-маиший сув таъминотидаги фуқаролар бундан мустасно);
сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун берилган рухсатномаларнинг бўлиши мажбурий талаб ҳисобланиши эътиборга олинсин;
сув ресурсларини самарали бошқариш мақсадида барча сув олиш нуқталаридаги гидропостларнинг мавжудлиги ва сифатли таъмирланганлигини кўриб чиқиб, мавжуд камчиликларни зудлик билан бартараф этсин ҳамда ҳар бир сув олиш иншоотлари жиҳозланишини таъминласин;
сувни самарали бошқариш ва улардан мақсадли ҳамда тежамли фойдаланиш бўйича ўқув семинар ва тушунтириш ишларини олиб борсин;
ҳар бир сув олиш иншооти, насос станцияси бўйича сувнинг икки (уч) томонлама кундалик ҳисоб журнали, ҳисоби ва ҳисоботини белгиланган тартибда олиб борилишини таъминласин.
5. Мирзаобод тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ ҳамда қишлоқ хўжалиги бўлими билан ҳамкорликда сувдан мақсадли ва самарали фойдаланиш вазифаси юклатилсин.
6. Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси жойларда сув ресурсларини самарали бошқариш ва улардан мақсадли фойдаланиш бўйича мониторинг олиб борилишини ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш ва сув етишмовчилигининг олдини олиш бўйича масъул этиб белгилансин.
7. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати (Б. Абдуллаев), туманидаги фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа сув истеъмолчиларга 2025-2026 йил куз-қиш даври учун ажратилган сув лимити бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориши тавсия этилсин.
8. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш туман ҳокимининг ўринбосари С. Саидумаровга, назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгаши ҳузуридаги Аграр, сув хўжалиги, экология ва қурилиш, коммунал соҳа масалалари бўйича доимий комиссияси (И. Норкузиев) зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси УМАРОВ АБДУРАХИМ АБДУЛХАМИДОВИЧ
Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани,
2025 йил 31 октябрь,
VII-17-144-9-125-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.