ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҒИЖДУВОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ғиждувон тумани бўйича 2025-2026 йилларда новегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш сармарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилди:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ғиждувон тумани «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасасининг 2025 йил 6 октябрдаги 146-сонли хати инобатга олинсин.
2. Ғиждувон тумани «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси директори Й. Ярашевнинг туманда 2025/2026 йиллар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан таклифи маъқуллансин ва иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ғиждувон тумани «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси (Й. Ярашев)га:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш сармарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш;
амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисоботларни ўз вақтида бериб бориш вазифалари юклатилсин.
4. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (И. Нуритов)га туман ҳудудидаги сув истеъмолчиларининг 2025-2026 йиллар (октябрь — март)да суғориш мавсумидаги чекланган сув миқдорини оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси АШУРОВ ШЕРЗОД РАХИМОВИЧ
Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани,
2025 йил 31 октябрь,
VII-17-114-2-34-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.