ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ САМАРҚАНД ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Самарқанд туманида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги 642-сонли Қонунининг 39-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ Самарқанд туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими директори А.Гайбиевнинг туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш жойлари банд қилиб қўйиш тўғрисидаги таклифи ҳамда Ўзбекистон «Адолат» сосиал-демократик партияси Самарқанд туман депутатлик гуруҳининг 2025 йил 24 октябрдаги 7-сонли баённомасини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Самарқанд тумани Кенгаши еттинчи чақириқ ўн учинчи сессияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон фармони маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон фармонига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш ваколатлари Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилганлиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 4 августдаги ПФ-126-сон Фармонига асосан:
хўжалик юритувчи субъектлар ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
3. Самарқанд туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг Самарқанд туман ҳудудидаги ташкилотлар бўйича 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларини белгилаш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимларнинг умумий сонини етти фоизидан ошмаган миқдорда ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумийсонининг уч фоизидан ошмаган миқдорида келгуси йил учун 165 та иш ўринларини захирага қўйиш, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 50.3 фоиз ( 83 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 10.9 фоиз (18 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 26.7 фоиз (44 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 6.7 фоиз ( 11 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 3.6 фоиз ( 6 киши);
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 1,8 фоиз ( 3 киши) миқдорида иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилади.
4. 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш мақсадида давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар Самарқанд туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминлаши, бу ҳақда Самарқанд туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини биринчи чорак тамом бўлганидан сўнг, 10 кундан кечикмай хабардор қилади;
ишга жойлаштириш тўғрисида Самарқанд туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади;
захирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низомнинг 21-банди, 2-қисмига асосан, муҳтожлар учун иш ўринларини захирага қўйиш бўйича Самарқанд туман Кенгашининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.
7. Самарқанд туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими директори А. Гайбиев беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотларга тақдим қилиб, ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгашининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш таъминлансин.
8. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Самарқанд туман ҳокимининг 2024 йил 25 октябрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш тўғрисида»ги 391-7-103-Қ/24-сонли қарори 2025 йилнинг 31 декабридан ўз кучини йўқотган деб топилсин.
9. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (Ф. Давлатов), «Гулобод тонги» газетаси (С. Нарзуллаева)ларга ушбу қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши тавсия этилсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгашининг Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси (Д.Шукурова) ҳамда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Ганиев зиммасига юклатилсин.
Сессия раиси ДАВРОНОВ ЗОКИР КАРИМОВИЧ
Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани,
2025 йил 31 октябрь,
VII-13-76-7-103-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.