ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ КИТОБ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан 2026 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 9-боби, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни 6 ва 24-моддаларига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-126-сонли Фармонига асосан:
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан тадбиқ этилиши белгиланганлиги маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг тумандаги ташкилотлар бўйича 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларини белгилаш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг етти фоизидан ошмаган миқдорда ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг уч фоизидан ошмаган миқдорида келгуси йил учун 105 та иш ўринларини захирага қўйиш, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 8,6 фоиз (9 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 1,9 фоиз (2 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 82,8 фоиз ( 87 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 3,8 фоиз (4 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 1,9 фоиз (2 киши);
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 1 фоиз (1 киши) миқдорида иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилади.
3. 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш мақсадида қуйидагилар:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захирага қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаб, бу ҳақда йил бошлангунга қадар туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминланиб, бу ҳақда туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини биринчи чорак тамом бўлганидан сўнг, 10 кундан кечикмай хабардор қилади;
ишга жойлаштириш тўғрисида туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади;
захирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-64-сонли қарорига мувофиқ аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга — ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия маблағлари тўлаб берилсин.
6. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 3, 13, 34, 38, 39, 40, 41-моддаларига асосан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига энг кам миқдордаги иш жойларини яратиш юзасидан қабул қилинган мазкур қарорни бажармаганлик учун иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низомнинг 21-банди 2-қисмига асосан муҳтожлар учун иш ўринларини захирага қўйиш бўйича халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.
8. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (Ф. Узоқов):
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1- ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларига етказсин ва бажарилиши устидан назоратни таъминласин:
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича халқ депутатлари туман Кенгашининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш таъминлансин.
9. 2025 йил 31 декабрдан Китоб тумани ҳокимининг 2024 йил 30 сентябрдаги 325-4-62-Қ/24-сонли қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Гаппаров зиммасига юклатилсин.
12. Мазкур қарор 2026 йилнинг 1 январидан кучга киради.
Китоб тумани ҳокими ҒАФУРОВ Р. А
Қашқадарё вилояти, Китоб тумани,
2025 йил 31 октябрь,
333-4-62-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.