ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАМАНГАН ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Наманган вилояти ҳудудида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ҳамда қабул қилиш ва сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифларини тартибга солиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4845-сон қарори 4-банди, 2024 йил 4 январдаги «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5-сонли Фармони, вилоят ҳокимлигининг 2025 йил 16 июлдаги 12/1479-сонли хати, вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 8 июлдаги 02/14-32/524-сонли хулосалари, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг 2025 йил 7 июлдаги 01-01/1142-сонли хати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сонли фармони ижроси юзасидан, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳининг ўрганиш натижалари бўйича йиғилиш баённомаси ва хатини инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6, 24-моддаларига мувофиқ, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарор қилади:
1. Вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ. Мирахмедовнинг Наманган вилояти ҳудудида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ҳамда қабул қилиш ва сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифларини тартибга солиш тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Наманган вилояти бошқармасининг вилоят ҳудудида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари юзасидан тақдимоти маълумот учун қабул қилинсин.
3. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг вилоят ҳудудида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари юзасидан берилган таклифлари инобатга олинсин.
4. Наманган вилояти ҳудудида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари миқдори иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (М. Абдуллаев), Чиқиндиларни бошқариш циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш Агентлиги Наманган вилоят бошқармаси (Р. Абидов), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Давлат молиявий назорати вилоят бошқармаси (Б. Ҳоджаев), Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси (Ф. Салоҳиддинов) билан биргаликда мазкур Кенгаш қарори билан маъқулланган вилоят ҳудудларида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифларини ўрнатилган тартибда қўллаб борилиши юзасидан назорат тадбирлари олиб борсин.
6. Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси (Ш. Максумов), вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси (А. Тўхтаев) шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсонлар соғлиғига зарарли таъсирини олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолат сифатини ошириш чораларини кўриб борсинлар.
7. «Юксалиш» харакати вилоят бўлинмаси раҳбари, вилоят Кенгаши депутати Н. Муҳамадиеванинг таклифига биноан Наманган вилоятидаги 754 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил қилинган ижтимоий тармоқларида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш жадвалларини жойлаштириш ва хизмат кўрсатиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш.
8. Мазкур қарор «Наманган ҳақиқати» ва «Наманганская правда» газеталарида эълон қилинсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (И. Икромов) ҳамда қарорнинг ижросини таъминлаш вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғ. Джамалов зиммасига юклансин.
10. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилансин.
Кенгаш раиси МУМИНОВ СОЛИЖОН ДЖАЛИЛОВИЧ
Наманган вилояти,
2025 йил 1 ноябрь,
VII-15-146-6-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.