ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ҚУВА ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
2026 йил туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 39-моддасига асосан, «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори талабларини туман ҳудудида ўз вақтида ва сифатли ижрога қаратилишини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Қува туманида квота иш ўринлари сонини ва уларга қўйиладиган талабларни белгилаш бўйича махсус комиссиянинг таркиби 1-иловага ҳамда Қува туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан тумандаги корхоналарда 2026 йил учун ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилинган (квота) иш жойларини тақсимоти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар тоифалари бўйича қуйидаги умумий тартибларда асосланиши шарт:
ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари (148 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганлар учун иш ўринлари (21 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун иш ўринлари (190 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахсларучун иш ўринлари (5 киши);
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун — уларни касб бўйича тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолдаги иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун эса махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари (14 киши);.
одам савдосидан жабрланганлар шахслар учун — уларнинг касби бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари (3 киши);
3. Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларига Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрь кунидаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 965-сонли қарори билан тасдиқланган Низомига мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласинлар;
корхона ва ташкилотлар, йил бошлангунгача 10 кундан кечикмай банд қилиб қўйилган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 фоиз ҳажмида иш ўринлари банд қилиб қўйилишини ва тайёр бўлишини таъминласин ҳамда бу тўғрида туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига йил бошлангунга қадар ахборот берсин;
Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётан шахслар учун иш ўринларини қолган қисмини банд қилиб қўйиш ташкилотлар (иш берувчилар) томонидан календар йилининг биринчи чораги мобайнида таъминлансин, бу тўғрида туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига биринчи чорак тугагандан кейин 10 кундан кечикмай ахборот берсин.
4. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солиниши таъминлаб борилсин.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш бўйича тегишли Қарорини бажармаганлик учун жарима тўлаганлиги ташкилотни банд қилиб қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини ташкил этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 19-2019-Б сонли буйруғига (АВ рўйхат рақами № 3163, 31 март 2019 йил) мувофиқ, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам иш ўрнидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга — режадан ортиқ қабул қилинган ҳар бир ҳодим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида субсидия тўлаб берилиши инобатга олинсин.
6. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи (И. Хакимов) беш кун муддатда ушбу Қарорни иловада кўрсатилган ташкилот раҳбарлари эътиборига етказсин ва ушбу Қарорнинг бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
7. Белгилансинки, ушбу қарор оммавий ахборот воситаларида расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
8. Ушбу қарорнинг бажарилиши устидан назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Закиров зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими Х. УМАРОВ
Фарғона вилояти, Қува тумани,
2025 йил 30 октябрь,
274-11-156-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.