ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ЁЗЁВОН ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2026 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида туманда 2026 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 211-моддаларига асосан қарор қиламан:
1. Тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш бўйича комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ;
2026 йилда мазкур тоифадаги шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдори белгиланган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига асосан туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар (кейинги ўринларда – ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар) учун иш ўринларининг энг кам миқдори (2-илова) ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача 256 нафар иш ўрнини ташкил этадиган 3 фоиз миқдорида, шу жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 88 киши;
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 17 киши;
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 137 киши;
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 4 киши;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 9 киши;
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 1 киши миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
3. Ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш ўринлари санитария-гигиена меъёрларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини тўсиқсиз бажаришини таъминлайдиган меҳнат қилиш шароитларига, шу жумладан, қуйидагиларга мувофиқ бўлиши керак:
–14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун – болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича мажбуриятлар бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга;
– умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлагандан кейин касбни эгаллаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун – уларнинг касбий тайёргарлигига мувофиқ;
– сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун – уларнинг профессионал тайёргарлигига мос;
– ногиронлар учун – меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ва ходимга уларнинг соғлиғи ҳолатини ва меҳнат фаолиятига тўғри келмайдиган белгиланган зидликлар ҳисобга олинган ҳолда меҳнат операцияларини тўсиқсиз бажариш имконини берадиган;
– пенсияолди ёшидаги шахслар учун – уларнинг касбий тайёргарлигига мос бўлган ёки махсус малакани талаб этмайдиган;
– жазони ижро этиш муассасаларидан ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар учун – уларнинг касбий тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда ёки махсус малакани талаб этмайдиган ;
– одам савдоси қурбонлари учун – уларнинг касбий тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда ёки махсус малакани талаб этмайдиган;
4. Қуйидаги иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар этиб белгилансин:
муҳандис, иқтисодчи, ҳисобчи, ҳуқуқшунос, зоотехник, агроном, шифокор, ҳамшира, кичик тиббий ходим, иш юритувчи, ўқитувчи, тарозибон, электрик, фаррош, ўтёқар, ободонлаштириш ишчиси, омборчи, ЭҲМ оператори, юкчи, ишчи, боғбон, қоровул, ўқитувчи.
5. Тумандаги мавжуд корхона, ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари:
Низомга мувофиқ ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласин;
2026 йил бошланишидан камида 10 кун олдин, захирага қўйиладиган умумий иш ўринлари сонининг камида 25 (йигирма беш) фоизи ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун захирага қўйилишини ва тайёрлигини таъминласин, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимини хабардор қилсин;
– ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан 2026 йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминласин, бу ҳақда туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига биринчи чорак тамом бўлгандан кейин 10 кундан кечикмай хабардор қилсин;
– ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунигача туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-иловасига мувофиқ шакл бўйича ахборот тақдим этсин;
– ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринлари тайёрлиги тўғрисида ахборот тақдим этилмаслиги, тенг даражада захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сони ҳисобига ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг амалда тайёр эмаслиги туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан туман ҳокимининг қарори бажарилмаслиги сифатида қаралиши лозимлиги қайд этилсин.
6. Туман ҳокимининг ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, бундай шахсларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилот, корхона ва муассасаларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги алоҳида қайд этилсин.
7. Туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан субсидиялар ажратиб бериш тартиби амалиётга жорий этилганлигини ҳисобга олиб, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлашни таъминлансин.
8. Туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимини (О.Эргашев) мазкур қарорни беш кун муддатда қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарлари эътиборига етказилишини таъминласин.
9. Мазкур қарор «Марказий Фарғона» газетасида расман эълон қилинсин ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
10. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
11. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (Д.Турдалиев) зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими Д. Т. ДЖАЛИЛОВ
Фарғона вилояти, Ёзёвон тумани,
2025 йил 29 октябрь,
312-11-165-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.