БУХОРО ВИЛОЯТИ БУХОРО ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
2026 йилда тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 38-39-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 11.12.2017 йил, 09/17/965/0393-сон) Низомга асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида қарор қиламан:
1. Бухоро тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг иш жойларининг энг кам миқдорини банд қилиб қўйиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдори (квоталанган иш ўринлари) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сони йигирма нафардан кўпни ташкил этадиган корхона, муассаса ва ташкилотлар учун ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сонидан 209 кишини ташкил этадиган 7 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорида, шу жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 18,2 фоиз (38 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 10 фоиз (21 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 41,6 фоиз (87 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 16,2 фоиз (34 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 13 фоиз (27 киши);
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 1 фоиз (2 киши) миқдорида иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилади.
4. Корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг «Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги (АВ рўйхат рақами №-3163-сон, 31.05.2019 й) буйруғига асосан субсидиялар ажратиб бериш тартиби амалиётга жорий этилганлигини ҳисобга олинсин.
6. Ушбу қарорнинг иккинчи бандида кўрсатилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз рад этган иш берувчи ва унинг ваколатли шахслари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.
7. Туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (А. Ҳамдамов) қарор қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда мазкур қарорни тегишли корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари эътиборига етказсин ва унинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминласин.
8. Мазкур қарор «Гала Осиё овози» газетасида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарор ижросининг назорати туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари С.Очилов зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими А. ОЧИЛОВ
Бухоро вилояти, Бухоро тумани,
2025 йил 30 октябрь,
398-2-32-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.