СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ МИРЗАОБОД ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги «Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-181-сон Фармони ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимининг 2025 йил 16 октябрдаги 415-9-0-Қ/25-сонли қарори ижроси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги «Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-181-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6 ва 211-моддаларига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги «Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-181-сон Фармони ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимининг 2025 йил 16 октябрдаги 415-9-0-Қ/25-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони билан:
И. Иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида, иссиқхона хўжаликлари узлуксиз ишлашини таъминлаш учун уларга қуйидаги имтиёзлар берилганлиги:
иссиқхона фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари учун 2026 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил якунига қадар ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланганлиги;
фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликларининг 2025 йил 1 октябрь ҳолатига мавжуд солиқ қарзи юзасидан тўлов муддати фоизларни ҳисобламаган ҳолда 2028 йил якунига қадар узайтирилади ҳамда ушбу солиқ қарзи 2029 йилнинг ҳар чорагида тенг улушларда тўланиши;
Бунда солиқ қарзини ундириш бўйича:
иссиқхона хўжаликларига қўлланган маъмурий ва молиявий жарималар ҳамда барча ҳисобланган пенялар тўлиқ ҳисобдан чиқарилиши;
иссиқхона хўжаликлари банк ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномалари чақириб олиниши;
юридик ва жисмоний шахсламинг иссиқхона хўжаликлари бўйича ер солиғи ер фонди тоифасидан қатъи назар қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар учун белгиланган солиқ ставкаларида ҳисобланиши;
Бунда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкаларида ҳисобланган ер солиғи суммаси 2025 йил январдан қайта ҳисоб-китоб қилиниши;
кредит мажбуриятлари бажарилмагани сабабли тижорат банклари балансига ўтган иссиқхоналар ва гаров таъминотида бўлган кўчмас мулк объектларини реализация қилиш бўйича айланмалар 2028 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилиши, шунингдек, мазкур мулклар тижорат банклари балансига қабул қилинган вақтдан янги ташаббускорга сотилгунга қадар бўлган давр мобайнида ер солиғи тўлашдан озод қилиниши;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида қурилган иссиқхона мажмуаларини фойдаланишга қабул қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда Ер кодексининг 43-моддасига асосланган ҳолда мазкур ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан чиқариш талаб этилмаслиги, ушбу мажмуалар ва улар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин тижорат банклари томонидан уларни кредит таъминоти сифатида қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмаслиги;
иссиқхона хўжаликлари учун ажратилган ер майдонининг 5 фоизи, лекин 20 сотихдан ошмаган қисмига қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасини ўзгартирмаган ҳолда иссиқхона инфратузилмасини (қозонхона, маҳсулотларни саралаш ва қадоқлаш, иссиқхона эҳтиёт қисмларини сақлаш, хизмат бинолари) барпо қилишга рухсат берилганлиги;
ИИ. Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидан қатъи назар 2030 йилга қадар қуйидаги молиявий имтиёзлар жорий қилинганлиги:
Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан:
иссиқхона хўжаликлари лойиҳаларининг бизнес-режасидаги иш ўринларини яратиш ва маҳсулотлар реализациясидан тушум каби кўрсаткичлар бажарилишининг ўртача миқдори 2025-2027 йилларда 30 фоиздан ва 2028-2029 йилларда 50 фоиздан юқори бўлган иссиқхона хўжаликларига «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти томонидан ажратилаётган компенсация ёрдами қайта тикланиши ва тўлаб берилиши;
2025 йил 1 октябрга қадар иссиқхона йўналишида ажратилган кредит (лизинг)лар миқдоридан қатъи назар барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига ҳисобот ойи якунида муддати ўтган қарздорликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, хорижий валютада ажратилган кредит фоизининг 4 фоиз пунктидан юқори қисми, миллий валютада ажратилган кредит фоизининг 14 фоиз пунктидан юқори қисми компенсация қилиб берилиши;
мазкур кичик банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган имтиёзлар бир вақтнинг ўзида қўлланишига йўл қўйилмаслиги;
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларига ҳосил қийматининг 50 фоизи миқдорида айланма маблағларни тўлдиришга, шунингдек, чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатишга 12 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада (шундан 4 фоиз банк маржаси) имтиёзли кредитлар ажратилиши;
иссиқхона хўжаликлари томонидан энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали харид қилинган иссиқлик насосларини ўрнатиш харажатларининг 20 фоизгача қисми энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши;
табиий газда ишлайдиган иссиқхона хўжаликларига октябрь-март ойларида ҳар ой учун 50 фоиз олдиндан тўловлар асосида табиий газ кафолатли ҳажмда етказиб берилиши;
Мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ошириш мақсадида:
экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари учун минимал экспорт нархларини белгилаш амалиёти бекор қилинганлиги;
дуккакли экинларни йиғиш техникасини харид қилган тадбиркорлик субъектларига Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан техника қийматининг 15 фоизи ҳамда лизинг ва кредит ставкасининг 10 фоиздан ошган қисми қоплаб берилиши маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
3. Давлат кадастрлари палатаси туман бўлими (К.Исмаилов), тижорат банклари билан биргаликда:
1 ноябрга қадар иссиқхона хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномалари муддатини кредит муддатларига мутаносиб равишда узайтириш чораларини кўрсин.
Амалга оширилган ишлар бўйича туман ҳокимлигига якуний маълумот киритилсин.
4. Тижорат банклари:
бир ой муддатда мавжуд иссиқхона хўжаликларини хатловдан ўтказсин ҳамда хатлов натижаларига кўра истиқболли деб топилган иссиқхона хўжаликларига 2025 йил 1 октябргача ажратилган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликлар тўлов графикларини келгусидаги пул оқимларидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқсин ҳамда ҳосил бўлган пеня суммаларини ҳисобдан чиқарсин;
тижорат банклари ҳузуридаги инвестиция компаниялари орқали қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган иссиқхона мажмуаларини салоҳиятли инвесторларга бозор қийматида тўғридан-тўғри сотиш чораларини кўрсин.
Бунда 2027 йил якунига қадар қуйидагиларга рухсат берилади:
тижорат банкларига ва улар ҳузуридаги инвестиция компанияларига ваколатли давлат органининг розилигисиз қарздор иссиқхона хўжаликлари устав капиталида улушга эга бўлишга ёки янги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил қилишга;
тижорат банклари ҳузуридаги инвестиция компаниялари ҳамда уларнинг улуши жами 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга иссиқхона мажмуалари фаолиятини тиклаш жараёнида тўғридан-тўғри харидларни амалга оширишга.
5. «ҲудудгазМирзаобод» газ таъминоти филиали (А.Рўзибоев), «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Мирзаобод филиали (И.Норқўзиев):
ҳар йили 1 октябрга қадар (2025 йил учун 10 кун муддатда) белгиланган шартларда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар тузилишини таъминласин.
Бунда шартномаларда табиий газ етказиб берилмагани натижасида йўқотилган ҳосил учун етказиб берувчи томоннинг жавобгарлиги аниқ белгилаб қўйилишга эътибор қаратсин;
амалда барпо этилган иссиқхона хўжаликлари тижорат банклари балансига ўтказилган ёки янги инвесторга сотилган ёхуд бошқача тарзда самарали фойдаланиш учун берилганда (шу жумладан, бошқа ҳудудларига кўчирилганда), шунингдек, янги иссиқхоналар ташкил этилганда, ушбу иссиқхоналар учун техник шартлар белгиланган тартибда 10 кун муддатда тақдим этилишини ҳамда уларнинг газ ва электр тармоқларига уланишини таъминласин.
6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосарлари Б.Хатамов ва С.Саидумаров зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими А. УМАРОВ
Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани,
2025 йил 23 октябрь,
283-9-125-Q/25-сон