ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БЎСТОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Бўстон тумани ҳудудидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 апрелдаги 299-сонли қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган «Маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш тартиби тўғрисида»ги Низом ижроси юзасидан ҳамда туман ҳокимининг фармойишига асосан, Республика аэрогеодезия маркази томонидан Андижон вилояти Бўстон туманидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш ишларининг якунига кўра тумандаги шаҳарча ва қишлоқларнинг умумий периметри 208 185 метр умумий майдони 20 129,10 гектар эканлиги аниқланди.
Жумладан:
1. Бўз шаҳарчаси умумий периметри 17106 метр, умумий майдони 722,68 гектар;
2. Кўҳинур шаҳарчаси умумий периметри 9688 метр, умумий майдони 165,24 гектар;
3. Сариқжўга шаҳарчаси умумий периметри 8339 метр, умумий майдони 126,21 гектар;
4. Обод қишлоғи умумий периметри 53810 метр, умумий майдони 6 006,61 гектар;
5. Ховос қишлоғи умумий периметри 65737 метр, умумий майдони 7 656,15 гектар;
6. Юксалиш қишлоғи умумий периметри 53505 метр, умумий майдони 5 452,21 гектар.
Бўстон тумани маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилашда шаҳарча ва қишлоқлар чегаралари ажратиб кўрсатилган ҳолда тавсифланди.
Чегаралар чизиғининг ёзувли матни тавсифида жойнинг тегишли топографик элементлари билан боғланиб, чегара нуқталари ўртасидаги масофаси ва чегара чизиғининг қутб йўналишлари акс эттирилди.
Чегара чизиғининг бурилиш нуқталари координаталари кўрсатилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Давлат кадастрлари палатаси Бўстон тумани филиали раҳбарининг ҳисоботини тинглаб, тақдим этилган маълумотлар фикр ва мулоҳазаларини ҳамда таклиф ва тавсияларини атрофлича ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6- ва 24-моддаларига асосан, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Давлат кадастрлари палатасининг Бўстон тумани филиали раҳбари А.Раҳматалиевнинг Бўстон туманидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш тўғрисидаги ҳисоботи ҳамда Республика аэрогеодезия маркази томонидан Бўстон туманидаги шаҳарча ва қишлоқларнинг чегараларини белгилаш бўйича бажарилган ишларнинг якуний натижаларини кўриб чиқиш юзасидан туман ҳокимлигида тузилган ишчи гуруҳ таркибининг 7-сонли йиғилиш баёни маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бўстон туманидаги маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш ишлари якуний натижалари тўғрисидаги маълумот 1-иловага ҳамда маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини белгилаш бўйича картографик чизмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (М.Очилдинова) мазкур қарорни туман ҳокимлигининг ижтимойи тармоғида эълон қилиниши ҳамда расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлаш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг тасдиғи халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидан сўралсин.
5. Ушбу қарор ижросини таъминлаш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Газиевга, назорати халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли доимий комиссияси ҳамда котибият мудири Ж.Рахмонов зиммаларига юклатилсин.
6. Мазкур қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Кенгаш раиси НОСИРОВА САНАБАРХОН АБДИНАБИЕВНА
Андижон вилояти, Бўстон тумани,
2025 йил 22 октябрь,
VII-12-149-1-19-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.