ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЯНГИБОЗОР ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
2025-2026 йилларнинг куз-қиш даври учун туманда сув олиш миқдорини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 2 сентябрдаги 147-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Янгибозор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директорининг 2025 йил 30 сентябрдаги 160-сонли хатини эътиборга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Янгибозор тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Янгибозор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори А.Сапаевнинг сув манбалари, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудлари бўйича 2025-2026 йилларнинг куз-қиш (шўр ювиш) даврида сув манбаларидан олинадиган сув миқдорлари тўғрисидаги маърузаси маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Янгибозор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасасининг сув манбалари, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудлари бўйича 2025-2026 йилларнинг куз-қиш (шўр ювиш) даврида сув манбаларидан олинадиган сув миқдори (лимит) 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Б.Султанов, Янгибозор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори А.Сапаевга:
беш кун муддатда сув манбалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар бўйича ишлаб чиқилган сув олиш лимитларини барча сув истеъмолчиларига етказиш;
сув истеъмолчилари билан уларга ажратилган сув олиш лимитлари доирасида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли тўғрисидаги шартномаларнинг тузилишини ҳамда уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.
4. Янгибозор тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси (А.Сапаев) туман қишлоқ хўжалиги бўлими (А.Қазақов) билан биргаликда сувдан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича ўқув семинарлари ва тушунтириш ишлари олиб бориш вазифаси юклатилсин.
5.Мазкур қарор туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
6.Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси М.Атажанов зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси ЖУМАНИЯЗОВ РУСЛАН РУСТАМОВИЧ
Хоразм вилояти, Янгибозор тумани,
2025 йил 21 октябрь,
VII-14-121-12-178-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.