СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ УЗУН ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида» 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-173-сон Фармони ва вилоят ҳокимининг 2025 йил 25 сентябрдаги 547-8-0-Қ/25-сонли қарорининг ижросини таъминлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида» 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-173-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, қарор қиламан:
1. Вилоят ҳокимининг 2025 йил 25 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида» 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-173-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳақида»ги 547-8-0-Қ/25-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан:
Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш (кейинги ўринларда - рўйхатга олиш тадбири) 2026 йил 15 январь ҳолатига кўра 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилиши белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби тасдиқланганлиги;
рўйхатга олиш тадбири доирасида қуйидагилар:
давлат органлари ва ташкилотлари 2026 йил 15 январдан 31 январга қадар ўз тизимида фаолият юритаётган барча ходимларнинг census.stat.uz порталида рўйхатдан ўтишини;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги республикадаги барча ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари, шунингдек, давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиалларида таҳсил олаётган талабаларнинг census.stat.uz порталида рўйхатдан ўтишини;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман ҳокимликлари билан биргаликда фермер хўжаликлари, юридик шахс ташкил этган деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ва асосий фаолияти қишлоқ хўжалиги бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланаётган корхона ва ташкилотларнинг интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтишини таъминланиши белгиланганлиги инобатга олинсин.
3. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш бўйича туман комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ҳокимининг тармоқлар бўйича ўринбосарлари Б.Хасанов, З.Абданов, Н.Хайдарқулов, З.Мирзаева тегишли корхона ва ташкилотлар билан биргаликда:
2025 йил 20 октябрга қадар ҳудудий комиссиянинг чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.
2025 йил 1 ноябрга қадар:
туманда рўйхатга олиш штаби фаолиятини ташкил этилишини ҳамда рўйхатга олиш тадбирида иштирок этадиган асосий ҳамда захира ходимлар рўйхатини шакллантирилишини ва тасдиқланишини;
рўйхатга олиш тадбирини ўтказишга жалб этиладиган ходимларни ўқитиш учун мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинча бино ёки хоналарни ажратилишини;
2025 йил 15 ноябрга қадар туманни рўйхатга олиш ва ҳисоб участкаларига бўлган ҳолда ташкилий режаларни тасдиқланишини;
доимий равишда рўйхатга олиш тадбирининг аҳоли ўртасида кенг ёритилишини;
рўйхатга олиш тадбирининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини ҳамда бунинг учун амалга оширилаётган ишлар бўйича кунлик назорат ўрнатилишини таъминласин.
5. Туман Ички ишлар бўлими, туман Мудофаа бўлими, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Узун туман бўлими, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Узун туман вакили, туман Тиббиёт бирлашмаси, туман «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази билан биргаликда 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб махсус муассаса ва ташкилотлардан бириктирилган масъул ходимлар томонидан махсус идоралардаги айрим тоифадаги аҳолини рўйхатга олишни амалга оширсин.
6. Туман ҳокимлигининг матбуот котиби Ў.Мингбоева 2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 15 январга қадар рўйхатга олишни ўтказиш ҳақида аҳолини хабардор қилиш, аҳолини Интернет орқали рўйхатдан ўтиш жараёнига тайёрлаб бориш мақсадида OneID тизимига рўйхатдан ўтишлари бўйича тарғибот-ишларини амалга ошириш тавсия этилсин.
7. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув масалалари бўйича ўринбосари Н.Хайдарқулов, туман Фермерлар кенгаши ва бошқа алоқадор ташкилотлар билан биргаликда 2026 йил 15 январдан 31 январга қадар туманда мавжуд фермер хўжаликлари, юридик шахс ташкил этган деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ва асосий фаолияти қишлоқ хўжалиги бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланаётган корхона ва ташкилотларни «hisobot.stat.uz» порталида Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтишларини таъминласин.
8. Рўйхатга олиш тадбирини тўғри ташкил этиш ва самарали ўтказишга туман ҳокимининг ўринбосарлари, туман Статистика бўлими бошлиғи Б.Маматқулов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман бўлими бошлиғи Т.Кучаров масъул ва шахсий жавобгар этиб белгилансин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Хасанов зиммасига юклансин.
Туман ҳокими БОЗОРОВ Х. Ш.
Сурхондарё вилояти, Узун тумани,
2025 йил 7 октябрь,
220-8-118-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.