Ўзбекистон Республикаси билан Эрон Ислом Республикаси ўртасида
Шартнома
Маҳкумларни топшириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
давлат суверенитети ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларидан келиб чиқиб, халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланган ҳолда ва жиноят ҳуқуқи соҳасида самарали ҳамкорликни ривожлантиришни истаб,
Маҳкумларга жазони ўз мамлакатларида ўташ имкониятини бериш орқали уларнинг реабилитациясига кўмаклашишни истаб,
инсонпарварлик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойилларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Мазкур Шартнома мақсадларида атамалар қуйидаги маъноларни англатади:
1. «ҳукм чиқариш Томони» — топширилиши сўралган шахсга нисбатан озодликдан маҳрум этиш ёки бошқача тарзда озодликни чеклаш тарзидаги жазони қўллаш тўғрисида ҳудудида суд ҳукми чиқарилган Томон;
2. «ҳукмни ижро этиш Томони» — озодликдан маҳрум этилган ёки бошқача тарзда озодлиги чекланган шахс жазони ўташни давом эттириши учун ҳудудига ўтказилиши мумкин бўлган ва унинг фуқароси бўлган Томон;
3. «маҳкум» — Томонлардан бирининг суди томонидан озодликни чеклаш тарзидаги жазо қўлланилиши назарда тутилган жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахс;
4. «маҳкумнинг яқин қариндошлари» — маҳкум фуқароси бўлган Томоннинг миллий қонунчилигига мувофиқ яқин қариндошлар деб эътироф этилган шахслар;
5. «Томонларнинг ваколатли органлари» — Томонларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ маҳкумни топшириш билан боғлиқ жараёнга жалб этилган органлар.
2-модда
Умумий қоидалар
Умумий қоидалар
1. Томонлар мазкур Шартнома қоидаларига мувофиқ маҳкумни топшириш соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш учун барча зарур чораларни кўрадилар.
2. Мазкур Шартнома қоидаларига мувофиқ, маҳкум ҳукм чиқариш Томони ҳудудидан ҳукмни ижро этиш Томони ҳудудига тайинланган жазони ёки унинг қолган қисмини ўташ учун топширилиши мумкин. Бунинг учун ҳукм чиқариш Томонига ёки ҳукмни ижро этиш Томонига маҳкум ёки яқин қариндошлари ёхуд унинг қонуний вакили томонидан маҳкумнинг мазкур Шартнома асосида топширилишига розилиги юзасидан ёзма мурожаат қилиниши лозим.
3-модда
Марказий органлар ва алоқа усуллари
Марказий органлар ва алоқа усуллари
1. Мазкур Шартномага мувофиқ маҳкумни топшириш билан боғлиқ барча масалалар бўйича қуйидагилар Марказий органлар ҳисобланадилар:
Ўзбекистон Республикаси учун — Бош прокуратура;
Эрон Ислом Республикаси учун — Адлия вазирлиги.
2. Томонлар ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган Марказий органлар ўзгарган тақдирда, бу ҳақида бир-бирларини хабардор қиладилар.
3. Марказий органлар дипломатик каналлар орқали ўзаро алоқа қиладилар. Марказий органлар шошилинч ҳолларда мазкур Шартнома ижроси учун муҳим бўлган амалий чоралар бўйича келишиш мақсадида бевосита факс, электрон почта ва бошқа тезкор алоқа воситалари орқали мулоқот қилишлари мумкин. Бундай усуллар орқали жўнатилган ёзишмалар ва ҳужжатлар дарҳол дипломатик каналлар орқали тасдиқланиши лозим.
4-модда
Топшириш шартлари
Топшириш шартлари
1. Маҳкумни топшириш фақат қуйидаги шартлар асосида амалга оширилиши мумкин, агар:
а) маҳкум ҳукмни ижро этиш Томонининг фуқароси бўлса;
б) суд қарори якуний бўлиб, у ҳукм чиқариш Томонининг миллий қонунчилигига мувофиқ ижро этилиши мумкин бўлса;
с) топшириш тўғрисида сўров келиб тушган пайтда жазо муддатининг ўталмай қолган қисми олти (6) ойдан кам бўлмаса;
д) маҳкум топширишга рози бўлса ва (ёки) унинг ёши, жисмоний ёки руҳий ҳолатини эътиборга олган ҳолда маҳкумнинг яқин қариндошлари ёки қонуний вакили ва (ёхуд) Томонлардан бири буни зарур деб ҳисобласа;
э) ҳукм чиқаришга сабаб бўлган қилмиш ҳукмни ижро этиш Томони миллий қонунчилигига биноан жиноят бўлса;
ф) ҳукм чиқариш ва ҳукмни ижро этиш Томонлари маҳкумни топширишга рози бўлишса.
2. Истисно ҳолларда, маҳкумнинг ўташи лозим бўлган жазо муддати олти (6) ойдан кам қолган тақдирда ҳам Томонлар маҳкумни топширишга рози бўлишлари мумкин.
5-модда
Маҳкумни топширишни рад этиш учун асослар
Маҳкумни топширишни рад этиш учун асослар
1. Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўров қуйидаги ҳолларда рад этилади, агар:
а) топшириш давлатнинг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартибига дахл қилса ёки Томонлардан бирининг миллий қонунчилиги асосий принципларига зид бўлса;
б) жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундирилмаган бўлса;
с) жазони ижро этиш Томонида ушбу Томон қонунига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги ёки бошқа ҳар қандай сабаб оқибатида жазони ижро этиш имкони бўлмаса;
д) мазкур Шартноманинг 4-моддаси 1-банди шартлари бажарилмаган бўлса.
2. Сўралаётган Томон топшириш ҳақидаги сўровни қаноатлантириш ёки рад этиш юзасидан қабул қилган қарори ҳақида сўраётган Томонни дарҳол хабардор қилади.
6-модда
Ҳукмни ижро этиш тўғрисида ахборот
Ҳукмни ижро этиш тўғрисида ахборот
1. Ҳукмни ижро этиш Томони ҳукм чиқариш Томонига ҳукмни ижро этилиши тўғрисида қуйидаги ҳолатларда маълумот тақдим қилади, агар:
а) маҳкум жазо муддати тугашидан аввал ҳукмни ижро этиш Томони ҳудудидаги жазони ижро этиш муассасасидан қочиб кетса;
б) ҳукм чиқариш Томони маҳкум ҳақида махсус ахборот талаб қилса.
2. Ҳукм чиқариш Томони ўзи ва (ёки) ҳукмни ижро этиш Томони тарафидан мазкур Шартномага мувофиқ топшириш юзасидан қабул қилинган қарор ҳақида маҳкумни ёзма равишда хабардор қилиши лозим.
7-модда
Маълумот алмашиш
Маълумот алмашиш
Томонларнинг Марказий органлари ҳар йили ёки сўровга асосан бошқа Томон фуқароси бўлган маҳкумлар ҳақида маълумот алмашадилар.
8-модда
Маҳкумни топшириш тўғрисида сўровлар
Маҳкумни топшириш тўғрисида сўровлар
Топшириш тўғрисидаги сўров келиб тушгандан сўнг, Томонлар ўртасида бошқача келишув мавжуд бўлмаса, ҳукм чиқариш Томони ҳукмни ижро этиш Томонига қуйидаги маълумот ва ҳужжатларни тақдим қилиши лозим:
а) маҳкумнинг шахси ҳақида маълумотлар, шу жумладан фамилияси, исми, отасининг исми, тугилган санаси ва жойи;
б) маҳкумнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат, агар мавжуд бўлса;
с) ҳукм учун асос бўлган жиноят қонунчилигининг матни;
д) маҳкумнинг ёки мазкур Шартноманинг 4-моддасида назарда тутилган ҳолларда, унинг қонуний вакили ёки яқин қариндошларининг топширишга розилиги тўғрисидаги ёзма аризаси;
э) маҳкумнинг ёки мазкур Шартноманинг 2-моддасида назарда тутилган ҳолларда, унинг қонуний вакили ёки яқин қариндошларининг топшириш тўғрисидаги ёзма мурожаати;
ф) суд ҳукми ва ваколатли органнинг ҳукмнинг қонуний кучга кириши тўғрисидаги қарорининг нусхалари;
г) ҳукм чиқариш Томонининг озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддати, дастлабки қамоқда сақлаб турилган муддат, афв этиш, амнистия, ҳукмни енгиллаштириш билан боғлиқ ва жазо муддатининг ўталмаган қисмини тасдиқловчи баёноти;
ҳ) маҳкумнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома.
9-модда
Ҳужжатларни ўтказиш
Ҳужжатларни ўтказиш
Ҳукмни ижро этиш Томони ҳукм чиқариш Томонининг талабига кўра қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилиши лозим:
а) маҳкумнинг ҳукмни ижро этиш Томонининг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ёки маълумотнома;
б) ҳукм чиқаришга асос бўлган қилмиш ҳукмни ижро этиш Томони ҳудудида содир этилган тақдирда, унинг қонунчилигига мувофиқ жиноят эканлигини тасдиқловчи қонунчилик матни.
10-модда
Розилик ва уни текшириш
Розилик ва уни текшириш
1. Ҳукм чиқариш Томони 4-модданинг 1 (д)-бандига биноан топшириш учун шахснинг бераётган розилиги ихтиёрий эканлигини ҳамда у бундай розиликнинг ҳуқуқий оқибатларини тўла тушунаётганлигини маҳкум томонидан ёзма равишда тасдиқланишини таъминлаши лозим.
2. Агар ҳукмни ижро этиш Томони мурожаат қилса, ҳукм чиқариш Томони ҳукмни ижро этиш Томонига маҳкум ушбу модданинг 1-банди талабларига мувофиқ розилик берганлигини консуллик муассасалари ёки бошқа келишилган орган орқали тасдиқлаб олиш учун имконият беради.
11-модда
Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўров бўйича жавоб хати
Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўров бўйича жавоб хати
Сўралаётган Томон мазкур Шартноманинг 9-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар олингандан сўнг маҳкумни топшириш ҳақидаги сўров бўйича розилик бериш ёки рад этиш тўғрисидаги қароми уч (3) ой ичида қабул қилади. Қабул қилинган қарор ҳақида сўраётган Томон, зарур ҳолларда, маҳкум, унинг қонуний вакили ёки яқин қариндошлари ёзма равишда дарҳол хабардор қилинади.
12-модда
Топшириш вақти, жойи ва тартиби
Топшириш вақти, жойи ва тартиби
1. Топшириш тўғрисидаги сўров қаноатлантирилса, Томонларнинг Марказий органлари ўзаро келишув асосида маҳкумни топшириш жойи, вақти ва тартибини белгилайдилар.
2. Маҳкумни топшириш тартиби Томонларнинг ваколатли вакиллари тарафидан имзоланадиган топшириш тўғрисидаги баённомани тузишни ўз ичига олади.
13-модда
Харажатлар
Харажатлар
Маҳкум ҳукмни ижро этиш Томонига етказилгандан сўнг топшириш билан боғлиқ барча харажатлар ҳукмни ижро этиш Томони тарафидан қопланади.
14-модда
Топширишдан сўнг жазони ижро этиш
Топширишдан сўнг жазони ижро этиш
1. Ҳукмни ижро этиш Томони ўз ваколатли органи қарори асосида жазони тўлиқ ҳажмда ўташни давом эттирилишини таъминлайди ва маҳкумга нисбатан тайинланган жазони оғирлаштириши мумкин эмас. Маҳкумга тайинланадиган жазо ҳукм чиқариш Томони судининг ҳукмига мувофиқ ўталади. Ҳукмни ижро этиш Томонининг суди ҳукм чиқариш Томони тайинлаган жазони ижро этиш юзасидан қарор чиқаради.
2. Маҳкум топширилгандан сўнг бошқа Томонда чиқарилган ҳукм ҳукмни ижро этиш Томонининг қонунчилигига мувофиқ ижро этилади.
3. Ҳукмни ижро этиш Томони қонунчилиги бўйича бундай қилмиш учун озодликдан маҳрум этишнинг энг узоқ муддати ҳукм бўйича тайинланганидан кам бўлса, ҳукмни ижро этиш Томони суди худди шундай қилмиш учун ушбу Томон қонунчилигида назарда тутилган озодликдан маҳрум этишнинг энг узоқ муддатини белгилайди. Бироқ, жазо тури ўзгартирилмайди.
4. Агар ҳукм бир ёки бир нечта қилмишга тааллуқли бўлса, улардан бири ёки бир нечтаси ҳукмни ижро этиш Томонида жиноят деб эътироф этилмаса, ушбу Томон суди жазонинг жиноят деб ҳисобланадиган қилмишга нисбатан қўлланадиган қисмини белгилайди.
5. Қўшимча жазони ижро этиш тўғрисидаги қарор ҳукмни ижро этиш Томонининг суди тарафидан, агар ушбу Томон қонунчилигида содир этилган қилмиш учун бундай жазо назарда тутилган бўлса, қабул қилинади.
6. Мурожаатга асосан, ҳукмни ижро этиш Томони Марказий органи ҳукм чиқариш Томони Марказий органига ушбу моддага мувофиқ ҳукмни ижро этиш бўйича суд тарафидан чиқарилган қарор ҳақида ахборот беради.
15-модда
Афв этиш, амнистия ва жазони енгиллаштириш
Афв этиш, амнистия ва жазони енгиллаштириш
Ҳар бир Томон ўз миллий қонунчилигига мувофиқ маҳкумга нисбатан афв, амнистия, жазони енгиллаштириш ёки жазони ўташдан шартли озод қилиш чораларини қўллаши мумкин.
16-модда
Ҳукмни қайта кўриб чиқиш
Ҳукмни қайта кўриб чиқиш
Фақат ҳукм чиқариш Томонининг суди топширилган маҳкумга нисбатан чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқишга ҳақли.
17-модда
Транзит олиб ўтиш
Транзит олиб ўтиш
1. Томонлардан бири бошқа Томон ваколатли органларининг тегишли сўрови асосида бошқа Томондан учинчи давлатга ёки учинчи давлатдан бошқа Томонга топширилаётган маҳкумнинг ўз ҳудудидан транзит олиб ўтилишига кўмаклашади.
2. Транзит олиб ўтишда ҳаво транспортидан фойдаланган ҳолда бошқа Томон ҳудудига қўниш режалаштирилмаган бўлса, рухсат талаб этилмайди.
3. Ҳаво кемасининг режалаштирилмаган қўниши ҳолларида, ҳудуди устидан парвоз амалга оширилаётган Томон бошқа Томоннинг маҳкумни кузатиб бораётган вакиллари илтимосномасига кўра, ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ тақдим этилиши лозим бўлган транзит олиб ўтиш тўғрисидаги сўров келиб тушгунига қадар, ушбу шахсни 72 соат давомида қамоқда сақлаб туриши мумкин. Бундай сўров техник алоқа воситалари, шу жумладан телеграф, телекс, факс ва электрон почта орқали юборилиши мумкин. Агар транзит олиб ўтиш юқорида қайд этилган вақт давомида амалга оширилмаса, маҳкум озод қилинади.
4. Ҳар бир Томон транзит олиб ўтиш сўровини рад этиши мумкин, агар:
а) маҳкум ушбу Томон давлати фуқароси бўлса;
б) ушбу Томон миллий қонунчилигига мувофиқ ҳукм чиқаришга сабаб бўлган қилмиш жиноят ҳисобланмаса;
с) унинг миллий қонунчилигига зид бўлса.
18-модда
Орқага қайтиш кучи
Орқага қайтиш кучи
Мазкур Шартнома қоидалари унинг кучга киргунига қадар Томонлардан бирининг суди тарафидан чиқарилган ҳукмларга нисбатан ҳам қўлланилади.
19-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Шартномани талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган барча келишмовчилик ёки низолар Томонларнинг Марказий органлари ўртасида дипломатик каналлар орқали маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал қилинади.
20-модда
Икки томонлама алоқа тиллари
Икки томонлама алоқа тиллари
1. Томонлар ваколатли органларининг мазкур Шартнома доирасида ўзаро ҳамкорлик қилишда инглиз тилидан фойдаланадилар.
2. Сўраётган Томоннинг давлат тилида тайёрланган сўровларга илова қилинган ҳужжатлар сўралаётган Томоннинг расмий тилига ёки инглиз тилига қилинган таржималари билан бирга тасдиқланган ҳолда тақдим қилинади.
3. Дипломатик каналлар орқали тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини бошқача тарзда тасдиқлаш ёки сертификатлаш талаб этилмайди.
21-модда
Шартномага ўзгартиришлар киритиш
Шартномага ўзгартиришлар киритиш
Мазкур Шартномага Томонларнинг ўзаро келишувига кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Ушбу баённомалар мазкур Шартноманинг 23-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
22-модда
Шартноманинг бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Шартноманинг бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Мазкур Шартноманинг қоидалари Томонларнинг улар иштирокчилари бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
23-модда
Кучга кириши, амал қилиши ва тугатилиши
Кучга кириши, амал қилиши ва тугатилиши
1. Мазкур Шартнома Томонларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ ратификация қилинади ва ратификация ёрлиқлари дипломатик каналлар орқали алмашинган санадан сўнг ўттизинчи (30) кунда кучга киради.
2. Ҳар бир Томон исталган вақтда дипломатик каналлар орқали бошқа Томонга ёзма хабарнома юбориш орқали мазкур Шартноманинг амал қилишини тугатиши мумкин. Шартноманинг амал қилиши бундай хабарнома олинган санадан бошлаб бир юз саксон (180) кундан сўнг тугатилади. Мазкур Шартноманинг тугатилиши ёки бекор қилиниши у амалда бўлган давр мобайнида юборилган топшириш тўғрисидаги сўровлар ижросига дахл қилмайди.
3. Мазкур Шартнома қоидалари, тегишли жиноят мазкур Шартнома кучга киргунига қадар содир этилган бўлса ҳам, у кучга киргандан сўнг юборилган маҳкумларни топшириш ҳақидаги сўровларга нисбатан қўлланилади.
Тегишли тартибда ўз Ҳукуматлари томонидан ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб, мазкур Шартномани имзоладилар.
Теҳрон шаҳрида 2023 йил 18 июнда, 1402-ҳижрий йилининг 28-хўрдодига тўғри келадиган, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, форс ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Шартнома матнларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)