ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БУХОРО ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Бухоро ва Когон шаҳарларидаги жамоат транспорти тизимида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифларни жорий этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелдаги «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги 419-I сонли Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 мартдаги ПҚ–139-сон «Жамоат транспортини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 17 сентябрдаги 273-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида йўловчилар айланмасини ва умумий фойдаланиладиган автомобиль ва электр транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро йўналишларда ҳамда соатлар бўйича ташилган йўловчилар сонини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ ҳамда Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Ахмедовнинг 2025 йил 2 майдаги билдиргисига асосан Бухоро ва Когон шаҳарларидаги умумий фойдаланиладиган жамоат транспортида кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш, жамоат транспортида тўловлар шаффофлигини таъминлаш, йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида қарор қиламан:
1. Қуйдагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 мартдаги ПҚ–139-сон «Жамоат транспортини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига мувофиқ жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар жорий этилиши белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикасининг «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташиш ҳақини тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари томонидан йўл қўйиладиган доирада белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилиши қайд этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бухоро ва Когон шаҳарларидаги жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва йўналишли такси) қатновларни амалга ошириш учун йўлкира ҳақининг қуйидаги чекланган тарифлари белгилансин:
а) бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3 000 (уч минг) сўм. Бунда бир йўловчи қатнови учун 1 (бир) марталик тўлов электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда – 2 000 (икки минг) сўм ундирилади;
б) бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун – 4 000 (тўрт минг) сўм;
д) қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф – 2 000 (икки минг) сўм.
э) Электрон тўловларни амалга оширишда амалдаги кунлик ва ойлик тарифларга қўшимча равишда қатновлар сонидан келиб чиқиб, кўп мартали тариф режалари 1-иловага;
ф) Электрон тўлов тизимлари (транспорт карталари)дан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли тарифлар миқдори 2-иловага асосан белгилансин;
3. Бухоро вилояти транспорт бошқармаси (Ф.Ражабов) мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, икки кун муддатда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ йўловчиларни ташувчи тегишли ташкилот ва корхоналар билан тузилган танлов (тендер) шартномаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.
4. Бухоро вилоятиҳокимининг 2024 йил 25 июндаги 293-2-0-Қ/24-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарор «Бухоронома» ва «Бухарский вестник» газеталарида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг бухоро.уз расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7. Мазкур қарор ижросининг назорати вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Арашов ҳамда транспорт бошқармаси бошлиғи Ф.Ражабов зиммаларига юклансин.
Бухоро вилояти ҳокими Б. К. ЗАРИПОВ
Бухоро вилояти, Бухоро ш.,
2025 йил 19 сентябрь,
450-2-0-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.