ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон туманида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 14 сентябрдаги «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 2736-III/КҚ-592-III-сон Қўшма қарори ижросини таъминлаш ҳамда туманда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни ихчамлаштириш, намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш ва ушбу масалада тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 14 сентябрдаги 2736-III/КҚ-592-III-сон Қўшма қарори Раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туманда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши ҳузурида тўйлар, оилавий тантаналар маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича туман комиссияси таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 14 сентябрдаги 2736-III/КҚ-592-III-сон Қўшма қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан, туманда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши ҳузурида тўйлар, оилавий тантаналар маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича туман комиссиясининг мақсад ва вазифалари қуйидаги тартибда белгилансин:
туман ҳудудида ўтказиладиган тўйлар, маърака ва маросимлар, оилавий унга доир бошқа тадбирларга жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида, ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;
кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда, мазкур тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар асосида ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини амалга ошириш;
мазкур тадбирларни амалга оширишда ижтимоий табақаланишга йўл қўймасдан ўтказиш бўйича жамоавий суҳбатлар ташкил этиш;
ушбу тадбирларни ўтказишни режалаштирган оила вакиллари билан, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида суҳбатлар ташкил этиш;
хотин-қизларга мазкур тадбирларни камхарж қилиб ўтказишни, уларда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтириш;
турмуш қуриш арафасида турган ёшлар билан ижтимоий-психологик суҳбатлар уюштириши, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаши, мазкур тадбирларни ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориши бўйича ишларни амалга ошириш тавсия этилсин.
4. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказиш, соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмаслик;
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашиши;
қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкинлиги;
никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик (тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно);
дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин (ош бериш маросими бундан мустасно).
5. Ушбу Кенгаш қарори билан аҳолини таништириш мақсадида тумандаги барча маҳаллалари, аҳоли яшаш ва меҳнат жамоалари жойларига ҳамда ресторан, ошхона, кафе ва тўйхоналарда тадбирларни ўтказиш тартиб таомилларини алоҳида эслатма тарзида тайёрланиб қўйилиши таъминлансин.
Комиссия томонидан амалга оширилган ишлар ҳар чоракда кенг муҳокама қилиб борилсин ва бу ҳақида жамоатчиликка хабардор қилинсин.
6. Туман бош имом-хатиби А.Юлдашевга:
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотининг ваколатли вакили томонидан ўқилиши;
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, хотирага бағишланган тадбирларни ихчам ўтказиш ва тадбирларни дабдабали ўтказиш ўрнига маблағни кам таъминланган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш;
имом-хатиблар тўйлар ва маросимлардаги маърузаларида аҳолини эътиборини ёшлар тарбияси, ота-онанинг масъулияти, жамият ҳаётига хавф солаётган таҳдидларни олдини олиш, тинчлик ва мустақиллик неъматини асраш, шукроналик туйғусини шакллантириш каби масалаларга қаратиши тавсия этилсин.
7. Туман ҳокимининг маслаҳатчиси Ф.Акбаров ва туман ҳокимлиги матбуот котиби Д.Жабборов ҳамда Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими Ғ.Акбаровга:
мазкур Кенгаш қарори эълон қилиниши ва тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ва бошқа тадбирларни тартибга солиш масалаларини кенг ёритиш ва тарғибот ишларини олиб бориш;
оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали намунали тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириши, ижтимоий роликлар яратиши, услубий қўлланмалар ва тарғибот материалларини тайёрлаш;
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда миллий қадриятларимизга ёт бўлган «оммавий маданият» унсурлари намоён бўлишининг олдини олиш мақсадида мунтазам маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб борилишини ташкил этиш тавсия этилсин.
8. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларига:
Ушбу Кенгаш қарорининг мазмун-моҳиятини ўзлари сайланган сайлов округларидаги ҳудудларда кенг тарғиб қилиш ҳамда қарор ижроси юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатишлари айтиб ўтилсин.
9. Мазкур Кенгаш қарорининг ижросини таъминлаб боришга масъул ва шахсий жавобгар этиб туман ҳокимининг ўринбосарлари М.Ахмедов ва З.Саримсақова ҳамда Комиссяи аъзолари белгилансин.
Қарор бажарилишини назорат қилиш вазифаси халқ депутатлари туман Кенгашининг «Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича» ҳамда «Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича» доимий комиссиялари раислари Х.Хакимова ва М.Ахмаджонов зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси БЕГМАТОВ РАВШАНБЕК БЕРДАЛИЕВИЧ
Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани,
2025 йил 18 сентябрь,
VII-12-97-11-161-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.