ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ФАРҒОНА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Фарғона туманида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида
Сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.
Бироқ, ўрганишлар таҳлили, шунингдек аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.
Баъзи фуқаролар тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар томонидан бўладиган танқидлардан, қоралашдан, умуман олганда, ижтимоий тазйиқдан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида қарздорликнинг вужудга келишига ва оқибатда кескин зиддиятларга олиб келмоқда.
«Чарлар», «ақиқа маросими», «мучал тўйи», «қиз мажлис», «куёв чақириқ», ҳайитда «келин кўриш» каби маросимлар аҳоли томонидан ортиқча деб баҳоланмоқда. Бироқ, бундай маросимни ташкил этаётган шахсларда тадбирларни обрўлироқ жойда ўтказишга, ўзининг ютуқларини кўз-кўз қилишга, моддий мавқеи билан мақтанишга интилиш кучаймоқда.
Аксарият тўйхона эгалари ихчам ва камхарж ўтказиш ниятида бўлган фуқаролардан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда белгиланган қоидаларга зид равишда тўй харажатларини икки-уч баравар миқдорда асоссиз ундириб олмоқда.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар ҳаддан зиёд баланд нархларда хизмат кўрсатмоқда, ўз томоша хизматларини кўрсатиш давомида миллий менталитетимиз, қадриятларимиз ва урф-одатларимизга мос келмайдиган, «оммавий маданият» иллатларини тарғиб этадиган ҳамда ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатлар намойиш этилмоқда.
Юқоридаги салбий ҳолатларнинг тобора авж олиши минг-минглаб оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мазкур ҳолатларга чек қўйиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни қатъий тартибга солишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Бундай салбий иллатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 14-сентябрдаги «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 2736-III/КҚ-592-III-сон Қўшма қарори ижросини таъминлаш ҳамда туманда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни ихчамлаштириш, намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш ва ушбу масалада тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 14-сентябрдаги 2736-III/КҚ-592-III-сон Қўшма қарори Раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туманда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгаши ҳузурида тўйлар, оилавий тантаналар маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича туман комиссияси таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 14-сентябрдаги 2736-III/КҚ-592-III-сон Қўшма қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан, туманда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши ҳузурида тўйлар, оилавий тантаналар маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича туман комиссиясининг мақсад ва вазифалари қуйидаги тартибда белгилансин:
туман ҳудудида ўтказиладиган тўйлар, маърака ва маросимлар, оилавий унга доир бошқа тадбирларга жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида, ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;
кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда, мазкур тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар асосида ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини амалга ошириш;
мазкур тадбирларни амалга оширишда ижтимоий табақаланишга йўл қўймасдан ўтказиш бўйича жамоавий суҳбатлар ташкил этиш;
ушбу тадбирларни ўтказишни режалаштирган оила вакиллари билан, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида суҳбатлар ташкил этиш;
хотин-қизларга мазкур тадбирларни камхарж қилиб ўтказишни, уларда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтириш;
турмуш қуриш арафасида турган ёшлар билан ижтимоий-психологик суҳбатлар уюштириши, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаши, мазкур тадбирларни ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориши бўйича ишларни амалга ошириш тавсия этилсин.
4. Ушбу Кенгаш қарори билан аҳолини таништириш мақсадида тумандаги барча маҳаллалари, аҳоли яшаш ва меҳнат жамоалари жойларига ҳамда ресторан, ошхона, кафе ва тўйхоналарда тадбирларни ўтказиш тартиб таомилларини алоҳида эслатма тарзида тайёрланиб қўйилиши таъминлансин.
Комиссия томонидан амалга оширилган ишлар ҳар чоракда кенг муҳокама қилиб борилсин ва бу ҳақида жамоатчиликка хабардор қилинсин.
1. Фарғона туман ИИБ бошлиғи Ж.Хасановга:
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишида жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш чораларини доимий равишда кўриб борсин.
2. Фарғона туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари (Эргашев), «Водил ёғдуси» газетаси мухаррири (Дадахўжаэв)га:
Туман ҳокимлигининг расмий веб сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларига тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига риоя этилиши ҳолати, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг ҳақиқий моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг халқ оммасига мунтазам етказиб бориш тавсия этилсин.
3. Туман комиссияси азоларига:
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича туман комиссияси тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишининг доимий мониторингини амалга ошириб борсин ва унинг натижаларига кўра тегишли таклифларни Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгашига киритиб бориш;
Ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгашига ахборот киритиб бориш вазифалари юклатилсин.
4. Туман бош имом-хатиби Х.Ашуровга:
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотининг ваколатли вакили томонидан ўқилиши;
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, хотирага бағишланган тадбирларни ихчам ўтказиш ва тадбирларни дабдабали ўтказиш ўрнига маблағни кам таъминланган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш;
имом-хатиблар тўйлар ва маросимлардаги маърузаларида аҳолини эътиборини ёшлар тарбияси, ота-онанинг масъулияти, жамият ҳаётига хавф солаётган таҳдидларни олдини олиш, тинчлик ва мустақиллик неъматини асраш, шукроналик туйғусини шакллантириш каби масалаларга қаратиши тавсия этилсин.
5. Туман ҳокимининг маслаҳатчиси (Обидова), туман ҳокимлиги ахборот хизмати (Эргашев), Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси(Омонова)га:
мазкур Кенгаш қарори эълон қилиниши ва тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ва бошқа тадбирларни тартибга солиш масалаларини кенг ёритиш ва тарғибот ишларини олиб бориш;
оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали намунали тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириши, ижтимоий роликлар яратиши, услубий қўлланмалар ва тарғибот материалларини тайёрлаш;
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда миллий қадриятларимизга ёт бўлган «оммавий маданият» унсурлари намоён бўлишининг олдини олиш мақсадида мунтазам маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб борилишини ташкил этиш тавсия этилсин.
6. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларига:
ушбу Кенгаш қарорининг мазмун-моҳиятини ўзлари сайланган сайлов округларидаги ҳудудларда кенг тарғиб қилиш ҳамда қарор ижроси юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатишлари айтиб ўтилсин.
7. Мазкур Кенгаш қарорининг ижросини таъминлаб боришга масъул ва шахсий жавобгар этиб, туман ҳокимининг ўринбосарлари И.Тошпўлатов ва Х.Абдуғаниэва ҳамда Комиссия аъзолари белгилансин.
8. Қарор бажарилишини назорат қилиш вазифаси халқ депутатлари туман Кенгашининг «Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича» ҳамда «Коррупцияга қарши курашиш, давлат органларида очиқликни таъминлаш ва ҳуқуқий масалалари бўйича» доимий комиссиялари раислари О.Дадажонова ва Қ.Макаровлар зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси ИНОМОВ ХАМИДУЛЛО ТАДЖИЕВИЧ
Фарғона вилояти, Фарғона тумани,
2025 йил 15 сентябрь,
VII-11-94-11-163-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.