ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ГУЛИСТОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Гулистон туманида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 14 сентябрдаги «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида»ги 2736-III/КҚ-592-III-сонли Қўшма қарорини баъзи бир ҳудудларда тўлиқ ижро этилмаслиги сабабли, тўй-ҳашам, маросим ва унга доир турли оилавий тадбирлар исрофгарчилик ва дабдабабозлик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги, аҳолининг таклиф ва мурожаатларига мувофиқ, Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгашига «Миллий тикланиш» демократик партияси депутатлик гуруҳининг ташаббус таклифларини инобатга олиб, Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши қарор қилади:
1. Туманда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш чора-тадбирлари борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан «Миллий тикланиш» демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари Ю.Ўтагановнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлари каби тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмасининг туман бўлими, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими, Маънавият ва маърифат туман бўлинмаси, оила ва хотин-қизлар бўлими, Дин ишлари қўмитаси Гулистон туман бош мутахассиси, туман Ёшлар ишлари бўлими ва бошқа ҳудудий давлат ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан биргаликда кенг жамоатчиликнинг мувофиқлаштирувчи «Жамоатчилик Кенгаши» таркиби тузилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенатининг 2019 йил 14 сентябрдаги 2736-III/КҚ-592-III-сонли Қўшма қарори Низоми талабларига асосан, «Жамоатчилик Кенгаши»нинг мақсад ва вазифалари қуйидаги тартибда белгилансин:
- туман ҳудудида ўтказиладиган тўйлар, маърака ва маросимлар, оилавий унга доир бошқа тадбирларга жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида, ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;
- кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда, мазкур тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар асосида ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини амалга ошириш;
- мазкур тадбирларни амалга оширишда ижтимоий табақаланишга йўл қўймасдан ўтказиш бўйича жамоавий суҳбатлар ташкил этиш;
- мазкур тадбирларни ўтказишни режалаштирган оила вакиллари билан, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида суҳбатлар ташкил этиш;
- хотин-қизларга мазкур тадбирларни камхарж қилиб ўтказишни, уларда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтириш;
- турмуш қуриш арафасида турган ёшлар билан ижтимоий-психологик суҳбатлар уюштириши, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаши, мазкур тадбирларни ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориши бўйича ишларни амалга ошириш тавсия этилсин.
4. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказиш, Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмаслик;
- тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашиши;
- қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкинлиги;
- никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик (тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно);
- дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин (ош бериш маросими бундан мустасно).
5. Жамоатчилик Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар ҳар чоракда кенг муҳокама қилиб борилсин ва бу ҳақида жамоатчиликка хабардор қилинсин.
6. Туман Бош имом-хатиби ва жамоа масжид имом хатибларига:
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотининг ваколатли вакили томонидан ўқилиши;
- тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, хотирага бағишланган тадбирларни ихчам ўтказиш ва тадбирларни дабдабали ўтказиш ўрнига маблағни кам таъминланган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш;
- имом-хатиблар тўйлар ва маросимлардаги маърузаларида аҳолини эътиборини ёшлар тарбияси, ота-онанинг масъулияти, жамият ҳаётига хавф солаётган таҳдидларни олдини олиш, тинчлик ва мустақиллик неъматини асраш, шукроналик туйғусини шакллантириш каби масалаларга қаратиши тавсия этилсин.
7. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (С.Эркинов), «Гулистон ҳаёти» газетаси таҳририяти (Б.Наржигитова) билан биргаликда:
- ушбу қарор эълон қилиниши ва тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ва бошқа тадбирларни тартибга солиш масалаларини кенг ёритиш ва тарғибот ишларини олиб бориш;
- оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали намунали тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириши, ижтимоий роликлар яратиши, услубий қўлланмалар ва тарғибот материалларини тайёрлаш;
- тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда миллий қадриятларимизга ёт бўлган «оммавий маданият» унсурлари намоён бўлишининг олдини олиш мақсадида мунтазам маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб борилишини ташкил этиш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш ва таъминлаш туман ҳокимининг ўринбосарлари (А.Юнусханов, Х.Челибаев М.Худойбердиева) ва Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгашининг Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси Ў.Эрматов зиммасига юклатилсин.
Сессия раиси ШЕРАНОВ РАВШАН ТУРСУНОВИЧ
Сирдарё вилояти, Гулистон ш.,
2025 йил 15 сентябрь,
VII-15-151-9-124-K/25-сон