ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ АНДИЖОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Андижон туман маҳаллий бюджетининг 2025 йил харажатларини мақбуллаштириш орқали шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан маблағлар ажратиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 февралдаги 6-сонли (№03-03/1-4456) йиғилиш баёнини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27-, 119-, 126-моддалари, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-, 24-моддаларига асосан Халқ депутатлари Андижон туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 февралдаги 6-сонли (№03-03/1-4456) йиғилиш баёнида маҳаллий бюджетдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда паст самарали харажатларни мақбуллаштириш ҳамда мақбуллаштирилган маблағлар ҳисобидан бюджет ташкилотларининг иш ҳаққи ва ижтимоий солиқ тўловларининг етишмаган қисмига ҳамда бюджет ташкилотлари ходимларининг ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўловларига, шунингдек, қолган қисмини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳал этилиши долзарб бўлган тадбирларга йўналтирилиши белгиланганлиги;
Андижон туман маҳаллий бюджети харажатларининг 2025 йил январь-июль ойлари ижроси жараёнида Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 120-моддаси 4-қисмига биноан 3 420,0 минг сўм маблағлар мақбуллаштирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Андижон туман маҳаллий бюджети харажатларининг мақбуллаштирилган маблағлари ҳисобидан 1 иловага мувофиқ бюджет ташкилотларининг иш ҳаққи ва ижтимоий солиқ тўловларининг етишмаган қисмини қоплаш ва 2 иловага мувофиқ бюджет ташкилотларининг юзага келган қарздорликларини қоплаш учун учун жами 3 267,0 (Уч миллиард икки юз олтмиш етти миллион) сўм миқдорида маблағлар ажратилсин.
3. Андижон туман иқтисодиёт ва молия бўлими Б.Абдулазизов ва туман ғазначилик хизмати бўлими Б.Хамраэв ажратилган маблағларни белгиланган тартибда йўналтирилишини ҳамда молиялаштирилишини таъминлаш вазифаси топширилсин.
4. Ҳудудий бюджет тақсимловчилари ва бюджетдан маблағ олувчилар мазкур қарорга асосан ажратилган маблағларни мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминласин.
5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Андижон туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари доимий комиссияси ҳамда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари И.Муқимжонов зиммаларига юклатилсин.
Кенгаш раиси ЮЛДАШЕВ БОБИРБЕК БАХОДИРОВИЧ
Андижон вилояти, Андижон тумани,
2025 йил 15 сентябрь,
VII-8-87-1-16-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.