ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БОЙСУН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-81-сонли Фармонининг 11-бандида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ишлаб чиқилган Бойсун туманининг экологик «мастер-режа»сини тасдиқлаш тўғрисида
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланишнинг тоза сув ва санитария, иқлим ўзгариши оқибатлари билан курашиш, аҳоли пунктлари ва экотизимни сақлаш каби мақсадларига эришиш учун туманнинг иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларни экологик баҳолаш тизимини жорий қилиш, атроф-муҳитни бошқаришни кучайтириш, соғлом муҳитини яратиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мувофиқлаштирилган эътиборни йўналтириш мақсадида Туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси бошлиғи И.АЪзамовнинг ҳисоботини «Ўзбекистон экологик партияси» Бойсун туман Кенгаши таклифига кўра тинглаб, депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-81-сонли Фармони ҳамда туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси бошлиғи И.АЪзамовнинг ҳисоботи маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПФ-81-сонли Фармонининг 11-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бойсун туманида атроф-муҳитни бошқаришни кучайтириш, соғлом муҳитини яратиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мувофиқлаштирилган эътиборни йўналтириш учун ишлаб чиқилган Бойсун туманининг экологик «мастер-режа»си иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Бунда:
экологик «мастер-режа»ни вилоят Экология бошқармаси билан келишилган ҳолда шакллантирилсин ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилсин. Туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси экологик «мастер-режа» ижроси ва унинг натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашига ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориши ва вилоят Экология бошқармасига амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот киритилиши ҳамда вилоят Экология бошқармаси таклифига асосан «мастер-режа» ижроси ва унинг натижадорлиги бўйича ушбу масалага масъул шахсларга нисбатан мукофотлаш ёки интизомий жазо чорасини кўриш учун асос бўлиши белгилаб қўйилсин.
4. Туман Иқтисодиёт ва молия бўлими (М.Мамадиев), туманнинг экологик «мастер-режа»сини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун 2025 йил маҳаллий бюджет параметрларида инобатга олсин.
5. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари (Й.Холиёров), «Бойсун» газетаси бош муҳаррири (Д.Орипов)га Бойсун туманининг экологик «мастер-режа»си ижроси ва унинг натижадорлиги бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссия (Ф.Турсунқулов), туман ҳокимининг ўринбосарлари (Ш.Абдуллаев, М.Қодиров, С.Чориев, А.Ҳусанов) зиммаларига юклансин.
7. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси ШУКУРОВ БОХАДИР ШОТУРАЕВИЧ
Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани,
2025 йил 13 сентябрь,
VII-13-89-8-110-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.