ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚОРАКЎЛ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Қоракўл туман маҳаллий бюджетининг 2024 йил 3-чорак (9 ойлик) ижроси ҳамда маҳаллий бюджетга киритилган ўзгартиришлар тўғрисида
2024 йил 3-чорак якуни бўйича Қоракўл туман маҳаллий бюджети даромадлари 24,3 млрд.сўмни ташкил этди.
Шундан, солиқ турлари кесимида:
- айланмадан олинадиган солиқ бўйича 2 590,0 млн.сўм;
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиқ бўйича 8 118,9 млн.сўм;
- якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ бўйича 355,4 млн.сўм;
- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича 380,8 млн.сўм;
- жисмоний шахсларнинг ер ва мол мулкига солинадиган солиқ бўйича 9 984,9 млн.сўм;
- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича 757,4 млн.сўм;
- давлат божи бўйича 1 371,6 млн.сўм ва бошқа маҳаллий бюджет тушумлари бўйича 749,9 млн.сўм маблағлар 2024 йилнинг 3-чорагида маҳаллий бюджетга туширилди.
Ўз навбатида, маҳаллий бюджет харажатлари 2024 йилнинг тўққиз ойлигида 197,4 млрд.сўмни ташкил қилган бўлиб, ушбу маблағларнинг 67,7 фоизи, яъни 133,5 млрд.сўм миқдори туманда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб- қувватлаш харажатларига сарфланди.
Жумладан, 2024 йилнинг тўққиз ойлигида туман ижтимоий соҳа ташкилотлари харажатлари (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, дори- дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш харажатлари, қурилиш- таъмирлаш ва жиҳозлаш ва бошқа харажатлар)га қуйидаги миқдорда маблағлар йўналтирилган:
- мактабгача ва мактаб таълими соҳасига 34,4 млрд.сўм;
- соғлиқни сақлаш соҳасига 82,9 млрд.сўм;
- бошқа ижтимоий соҳа ташкилотлари (маданият, спорт ва бошқалар) томонидан 16,2 млрд.сўм миқдордаги харажатлар амалга оширилди.
Умумий харажатларнинг 10,7 фоизи иқтисодий соҳани ривожлантиришга, 11,7 фоизи давлат бошқаруви органларининг (иш ҳақи, сақлаш ва бошқа) харажатларига, 0,9 фоизи Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари харажатларига, 9,1 фоизи «Фуқаролар ташаббуси» жамғармасига йўналтирилди.
2024 йилнинг тўққиз ойлигида маҳаллий бюджетда кўзда тутилган биринчи даражали тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилди.
Бугунги кунда туман иқтисодиёт ва молия бўлими томонидан туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда туман маҳаллий бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджетдан биринчи даражали тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш юзасидан тегишли чора- тадбирлар амалга оширилмоқда.
Туман маҳаллий бюджетининг даромадлари ва харажатлари режасига тегишли ўзгартиришлар ҳамда юқори бюджетдан мақсадли тадбирлар учун қўшимча ажратилган маблағлар тўлиқ ҳисобга олинмоқда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27, 28, 147, ва 148-моддаларига асосан туман маҳаллий бюджетининг ижросини таъминлаш, бюджетда кўзда тутилган харажатларни белгиланган тартибда ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида туман маҳаллий бюджетининг 2024 йилнинг тўққиз ойлиги харажатлари ва даромадларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан юқорида баён этилганларга, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27 ва 126- моддаларига асосланиб, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Қоракўл туман маҳаллий бюджетининг 2024 йилнинг 3-чорак якунларига кўра ижроси ҳамда ушбу даврда бюджет параметрларига киритилган ўзгаришлар тўғрисидаги туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи А.Норбоевнинг ҳисоботи ҳамда даромадлар ва харажатлар бўйича асосий кўрсаткичлари 1-2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
2. 2024 йилнинг 3-чорак якуни бўйича Қоракўл туман маҳаллий бюджети даромадлари 24,3 млрд.сўмни ҳамда маҳаллий бюджетдан амалга оширилган харажатлар 197,4 млрд.сўмни ташкил этганлиги, шунингдек, ушбу даромад ва харажат ўртасидаги фарқ юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга ажратилган трансфертлардан қопланганлиги инобатга олинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 147-148-моддаларига асосан туман маҳаллий бюджетининг ижросини таъминлаш, бюджетда кўзда тутилган харажатларни белгиланган тартибда ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Қоракўл туман маҳаллий бюджетининг 2024 йил 3-чорак якунлари бўйича харажатлари ҳамда 3-чорак даромад режасининг прогноз кўрсаткичлари доирасида киритилган тегишли ўзгартиришлар 3-4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 148-моддасига асосан 2024 йил тасдиқланган бюджет параметрларига фавқулотда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган харажатларни амалга ошириш зарурати туғилганда, бюджет ташкилотларининг сўровига асосан, бюджет ташкилотларини сақлаш билан боғлиқ ва бошқа зарурий ва кечиктириб бўлмайдиган харажатларни амалга ошириш туман иқтисодиёт ва молия бўлими томонидан амалга оширилиши инобатга олинсин ҳамда амалга оширилган ўзгартиришлар тўғрисида туман иқтисодиёт ва молия бўлими (А.Норбоев) чорак якуни билан туман халқ депутатлари Кенгашига ҳисобот киритиб борсин.
5. Туман солиқ инспекцияси (Ш.Хасанов) ҳамда туман иқтисодиёт ва молия бўлими (А.Норбоев)га:
2024 йил учун белгиланган даромадлар прогноз режа кўрсаткичларини чораклар ва ойлар кесимида барча солиқ турлари бўйича тўлиқ бажарилишини таъминлаш;
бюджет даромадлари базасини кенгайтириш ҳамда маҳаллий бюджетга қўшимча солиқ тушириш манбаларини аниқлаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш;
маҳаллий бюджет параметрларида кўзда тутилган харажатларни, хусусан биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш топширилсин.
6. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари С.Ҳусенов, туман иқтисодиёт ва молия бўлими (А.Норбоев), туман солиқ инспекцияси (Ш.Хасанов), халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари билан биргаликда:
- туманда 2024 йилда бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини белгиланган тартибда туман Кенгашига киритилишини таъминлаш;
- солиқлар ва мажбурий тўловларнинг аниқ турларини уларга бириктириб қўйиш орқали маҳаллий бюджетнинг даромад базасини тубдан мустаҳкамлаш;
- маҳаллий бюджетнинг даромадларини ошириш учун тизимли равишда қўшимча резервларни мунтазам аниқлаб бориш;
- тегишли доимий комиссиялар билан биргаликда депутатлик ва жамоат назоратини кенг жалб қилган ҳолда, маҳаллий бюджетни шакллантиришнинг шаффофлигини ва унинг бажарилиши устидан тизимли назоратни ўрнатиш;
- маҳаллий бюджет даромадлар базасини мустаҳкамлаш ҳамда харажатларнинг тасдиқланган параметрларини ўз вақтида, мақсадли молиялаштириш, ижтимоий соҳа объектлари ва инфратузилмани янада ривожлантириш ва тегишли даражада сақлаб туришни таъминлаш устидан маҳаллий давлат ҳокимияти органи, молия ва солиқ органларининг масъулиятини ошириш ва жавобгарлигини кучайтириш;
- бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳамда бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ўрнатиш топширилсин.
7. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати (Ш.Ҳамроев) туман иқтисодиёт ва молия бўлими (А.Норбоев) билан биргаликда Қоракўл туман маҳаллий бюджетининг 2024 йил 3-чорак якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги маълумотларни туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
8. Мазкур қарор ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун туман адлия бўлимига киритилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.
10. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси ТОҲИРОВ ХУРШИД ЯҲЁЕВИЧ
Бухоро вилояти, Қоракўл тумани,
2025 йил 29 август,
VII-14-110-2-37-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.