ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-140-сонли Фармони ижросини таъминлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-140-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 6 ва 211-моддаларига асосан қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-140-сонли Фармони раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони билан:
судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришнинг келгуси йиллардаги устувор мақсадлари белгиланганлиги;
Олий суд, Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган «Рақамли суд» концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш ҳақидаги таклифига розилик берилганлиги;
2025-2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури 1-иловага;
2025-2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;
2025-2030 йилларда суд соҳасини рақамлаштириш ҳамда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика ва ҳудудий ишчи комиссиялар 3 ва 3а-иловаларга мувофиқ таркибда ташкил этилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги;
Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Савдо-саноат палатасининг 2026 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судлар тизимида иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги инобатга олинсин.
3. 2025-2030 йилларда суд соҳасини рақамлаштириш ҳамда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича вилоят ишчи комиссияси таркиби (кейинги ўринларда – вилоят комиссияси) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Вилоят комиссиясига ҳудудлар кесимида амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда танқидий муҳокама қилиб, камчиликларга йўл қўйган масъул раҳбарларга нисбатан чоралар кўриб бориш топширилсин.
5. Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси (Р.Нишанов), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси (Д.Рузматов) янги суд биноларини қуриш учун Олий суд билан келишилган ҳолда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларини танлаб, белгиланган тартибда ажратиш чораларини кўрсин.
6. Мазкур қарор ижроси назоратини ўз зиммамда қолдираман.
Сирдарё вилояти ҳокими в. б Э. ТУРДИМОВ
Сирдарё вилояти,
2025 йил 28 август,
358-9-0-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.