Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти юзасидан ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳамда қонунчиликда белгиланган ваколатларга мувофиқ назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этишга устувор аҳамият қаратилган.
Қўмита қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида жами 10 та қонун лойиҳасига масъул бўлган. Қонун лойиҳаларининг 8 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Қўмита аъзолари томонидан ишлаб чиқилган 2 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан 10 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган. Улардан 8 таси давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ахборотини эшитишга, 1 таси қонунларнинг ижро этилиши ҳолатини ўрганишга, 1 таси Қонунчилик палатаси қарорининг ижросини мониторинг қилишга тааллуқлидир.
Қўмита аъзолари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 209 та мурожаат кўриб чиқилган. Қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фуқаролар берган 25 та таклиф алоҳида ўрганилиб, таклифлари асосли деб топилган фуқаролар билан учрашувлар ташкил этилган ҳамда миннатдорлик билдирилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунларини ва Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириб бориш бўйича жами 13 та ташкилий-амалий тадбир ўтказилган.
Ҳисобот даврида қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 995 маротаба чиқиш қилинган ҳамда қонун ижодкорлигига ва қўмита фаолиятига оид материалларнинг мунтазам ёритиб борилиши таъминланган.
Шу билан бирга Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини, уларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, Қўмитанинг қонунларнинг жойларда ижро этилиши ҳолатини ўрганишга доир ишларни янада жонлантиришга, қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишга ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга доир ташаббускорлигини кучайтириш талаб этилмоқда.
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоларини кенгроқ жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитасига:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг 2024 йил 18 — 20 ноябрда бўлиб ўтган мажлисларидаги нутқларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ҳаракатлар дастурида Қўмита масъул этиб белгиланган вазифаларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш;
Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда келиб тушган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни қонун лойиҳаларини маромига етказишда инобатга олиш;
назорат-таҳлил тадбирлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижросини мониторинг қилиш борасидаги ишларни янада кучайтириш;
Қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш жараёнларида Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, экспертлар ва илмий ҳамжамият вакиллари билан маслаҳатлашишни, уларнинг салоҳияти ва илмий ишланмаларидан кенг фойдаланиш амалиётини янги босқичга олиб чиқиш;
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган бандларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 7 июль,
1057-V-сон