ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚИЗИЛТЕПА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Туман ҳудудида оғир юк кўтарувчи автотранспорт воситаларининг габарит ўлчовини чекловчи темир тўсинлар ўрнатиш тўғрисида
Қизилтепа туман ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятига молик бўлган Д193 (4К387) «Тошработ. қ – Бақоллар. қ – Ғишти. қ – Ғиждивон. ш – Вобкет. т – Ромитан. ш» автомобиль йўли ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик бўлган 85В005 (4К367) «Д189 автомобиль йўли (65 км.дан) — Узилишкент. қ — Сарибош. қ – Ҳасанча. қ — Шафтолихояк. қ» автомобиль йўллари охирги йилларда республика бюджети маблағлари ҳисобидан таъмирланган. Мазкур автомобиль йўллари белгиланган меъёр талаблари асосида якка ўққа тушадиган оғирлик 6 — 8 — 10 тоннага мўлжаллаб қурилган.
Ҳозирги кунда ушбу автомобиль йўллари орқали, якка ўққа тушадиган оғирлик белгиланган меъёр талабларидан юқори бўлган оғир юк кўтарувчи автотранспорт воситалари (ушбу автотранспорт воситаларининг якка ўққа тушадиган оғирлиги 13 тоннадан юқори) доимий ҳаракатланиб келмоқда. Бунинг натижасида таъмирланган автомобиль йўлларининг қисқа фурсатларда яроқсиз ҳолатга келиши ва бу орқали Республика бюджетидан ажратилган миллиардлаб маблағларнинг исроф бўлишига сабаб бўлиб келмоқда.
Мазкур салбий ҳолатларни олдини олиш борасида Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 2-октябрдаги «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги 117-сонли Қонуннинг «Йўл ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида»ги 16-моддасида (Ноқулай об-ҳаво-иқлим шароитларида, табиий офатлар, ёнғинлар юз берганда, автомобиль йўли кўтариш қобилиятини йўқотганда ва бошқа шунга ўхшаш ҳолларда, шунингдек таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилаётганда йўл ташкилотлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бу ҳақда билдирган, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш билан хабардор қилган ҳамда тегишли белгилар ўрнатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари билан биргаликда транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга)батафсил тўхталиб ўтилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, шунингдек, туман ТЙФДМ бошлиғининг 2025 йил 19 майдаги 01-15-07/155-сонли хатига асосан, халқ депутатлари туман Кенгаши, қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 2-октябрдаги «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги 117-сонли Қонуннинг 16-моддаси, туман ТЙФДМ бошлиғи Ж. Мажидовнинг 2025 йил 19 майдаги 01-15-07/155-сонли хати ҳамда тегишли ташкилотларнинг хулосалари маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятига молик бўлган Д193 (4К387) «Тошработ. қ – Бақоллар. қ – Ғишти. қ – Ғиждивон. ш – Вобкент. т – Ромитан. ш» автомобиль йўлининг 7-8 км.лар оралиғида ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик бўлган 85В005 (4К367) «Д189 автомобиль йўли (65 км. дан) — Узилишкент . қ — Сарибош.қ — Ҳасанча.қ — Шафтолихояк. қ» автомобиль йўлининг 2-3 кмлар оралиғидаги жойларида оғир юк кўтарувчи автотранспорт воситаларининг чекланган баландлик (3 метр) темир тўсинлар ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Туман ҳокими ўринбосари (Х. Алиев), ТЙФДМ бошлиғи (Ж. Мажидов) ҳамда тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига:
йўл белгилари ўрнатилиши автомобиль йўлида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, доимий равишда назорат қилиб бориш ҳамда ҳаракатланишга рухсат этилган автотранспорт воситаларининг кўргазмалари, йўл белгилари ўрнатиш вазифалари юклансин.
4. Ўрнатилгантемир тўсинларни «Ғамхўр» ҳамда «Ҳумо» МФЙлари раиси ҳамда профилактика нозирлари доимий равишда назорат қилиб бориши тавсия этилсин.
5. Йўл ҳаракати қатнашчилари «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва «Йўл ҳаракати қоидалари»га мувофиқ ўрнатилган йўл белгилари ва йўл чизиқларига амал қилишлари шунингдек, берилган ваколат доирасида йўлларда ҳаракатни тартибга солувчиларнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажариши доимий назоратга олинсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш, туман ҳокими ўринбосари (Х. Алиев) ҳамда қарорнинг ижросини назорат қилиш, халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси (Ш. Исломов) зиммаларига юклансин.
7. Қарор расман имзоланган кундан эътиборан уч ойдан сўнг кучга киради.
Сессияда раислик қилувчи БОБОЖОНОВ УЛУҒБЕК РАХИМОВИЧ
Навоий вилояти, Қизилтепа тумани,
2025 йил 12 август,
VII-10-78-5-72-K/25-сон