ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ НАМАНГАН ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Наманган вилоятининг вилоят бюджети даромадларининг 2025 йил иккинчи ҳисобот чорак якуни бўйича аниқланган прогноздан ошириб бажарилиши ҳисобидан маблағларни йўналтириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 126-моддасига асосан, Наманган вилояти ҳокимининг 2025 йил 30 июлдаги 01/10-988-сонли тақдимномаси ҳамда Наманган вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари М.Абдуллаевнинг ҳисоботи асосида Наманган вилоятининг вилоят бюджети даромадларининг 2025 йил иккинчи ҳисобот чорак якуни бўйича аниқланган прогноздан ошириб бажарилиши ҳисобидан маблағларни йўналтириш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6, 24-моддаларига мувофиқ Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бюджет Кодексининг 126-моддасига асосан, вилоят ҳокимлигининг Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига тақдим этган таклифига мувофиқ, Наманган вилоятининг вилоят бюджети даромадларининг 2025 йил иккинчи ҳисобот чорак якуни бўйича аниқланган прогноздан ошириб бажарилиши ҳисобидан иловага мувофиқ, 21 464 278,0 (йигирма бир миллиард тўрт юз олтмиш тўрт миллион икки юз етмиш саккиз) минг сўм маблағлар йўналтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги ПҚ-5084-сонли қарорига асосан, «Қумтепа» кичик саноат зонаси йўл инфратузилмасини яхшилаш учун маблағ ажратилганлиги, объект қиймати 1 487,5 млн.сўмни ташкил этганлиги ҳамда жорий йилнинг 1 январь ҳолатига буюртмачи томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари ва лойиҳа-смета хужжатларини ишлаб чиқиш учун 1 035,7 млн.сўм молиялаштириб берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги ПҚ-5084-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармасининг қолдиқ маблағлари ҳисобидан «Қумтепа» кичик саноат зонаси йўл инфратузилмасини яхшилаш учун Наманган минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасасига 373,0 (уч юз етмиш уч) миллион сўм маблағ йўналтирилсин.
3. Харажатларни амалга оширишга масъул ташкилотлар раҳбарларига:
ажратилган маблағлар доирасида белгиланган тартибда тўловларни амалга ошириш;
молиялаштириш манбасини очиш учун ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатларни вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ҳамда вилоят ғазначилик хизмати бошқармасига тақдим этиш;
ажратилган мақсадли маблағларни ўз вақтида ва самарали сарфланиши юзасидан молиявий ҳисоботлар асосида тизимли ўрганиш ҳамда ўрганиш натижаларига кўра, ишлатилмаган ва иқтисод қилинган маблағларни вилоят маҳаллий бюджетига қайтариш чораларини кўриш таъминлансин.
4. Вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (М. Абдуллаев)га бюджет харажатларига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда вилоят ғазначилик хизмати бошқармаси (А. Тўраев)га тўловларни ўрнатилган тартибда ва ўз вақтида амалга ошириш ҳамда Давлат молиявий назорат инспекцияси вилоят бошқармаси (Б. Ходжиев)га ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш вазифалари топширилсин.
5. Мазкур қарор ижросининг назорати Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари З. Бахриддинов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси МУМИНОВ СОЛИЖОН ДЖАЛИЛОВИЧ
Наманган вилояти,
2025 йил 31 июль,
VII-13-108-6-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.