ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ЯНГИБОЗОР ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Янгибозор туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан тумандаги умумтаълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6 ва 25-моддалари, "Таълим тўғрисида"ги қонуннинг 9-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сонли қарори билан тасдиқланган "Умумий ўрта таълим тўғрисида"ги низомнинг 39-бандига асосан туманда мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш жараёнида умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд)ни аниқ белгилаб олиш мақсадида қарор қиламан:
1. Янгибозор тумани ҳокимининг 2024 йил 16 сентябрдаги «Янгибозор туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан тумандаги умумтаълим муассасаларининг микроҳудудларини белгилаш тўғрисида»ги 510-12-178-Қ/24-сонли қарори бекор қилинсин.
2. Янгибозор туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш бўйича умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) иловага асосан тасдиқлансин.
3. Туман ҳокимлиги ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси (Б.Давлатбаев), туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими (Г.Абдиримова), тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
4. Белгилансинки, тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.
5. Туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (М.Жумамуратов), маҳалла фуқаролар йиғини раисларига мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига жалб этиш жараёнида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда умумтаълим муассасаларига амалий ёрдам бериш тавсия қилинсин.
6. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари (У.Нурметова) ҳамда "Янгибозор кўзгуси" газетаси муҳаррири (М.Қувватов) ушбу қарор туман ҳокимлигининг "yangibozor.uz" веб-сайти ва "Янгибозор кўзгуси" газетасида эълон қилинишини таъминласин.
7. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2024 йил 16 сентябрдаги 510-12-178-Қ/24-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимлиги ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси Б.Давлатбаев зиммасига юклансин.
Туман ҳокими Р. ЖУМАНИЯЗОВ
Хоразм вилояти, Янгибозор тумани,
2025 йил 16 июль,
170-12-178-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.