СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ МИРЗАОБОД ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Мирзаобод туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш бўйича умумтаълим муассасаларига ҳудудларни (микроҳудуд) бириктириш тўғрисида
«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140 сонли қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги Низомнинг 39-бандига асосан туманда мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш жараёнида, умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд)ни аниқ белгилаб олиш мақсадида, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6, 211-моддаларига асосан қарор қиламан:
1. Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш бўйича умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) тавсифи иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш, умумтаълим муассасалари педагог ходимлари томонидан болаларни бирма-бир (уйма-уй) рўйхатга олиш орқали амалга оширилсин.
3.Туман ҳокими ўринбосари С.Кенжаев, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Д.Таникулова ҳамда умумтаълим мактаблари раҳбарларига:
Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга, умумтаълим муассасаси битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўриш вазифаси топширилсин.
4. Белгилансинки, тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасага бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш учун масъул ҳисобланади.
5. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими (М.Мавлонов)га мактаб ёшидаги болаларни қамраб олишда умумтаълим муассасаларига амалий ёрдам бериш тавсия этилсин.
6. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати Б.Абдуллаев ҳамда «Янги Мирзаобод» газетаси таҳририятига:
Мазкур қарор ижроси бўйича амалга оширилган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
7. Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари С.Кенжаев зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими А. УМАРОВ
Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани,
2025 йил 2 июль,
188-9-125-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.