САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ НУРОБОД ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Нуробод туманида мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш юзасидан тумандаги умумтаълим муассасаларининг ҳудудларини (микроҳудуд) белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги қонунининг 27-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140 сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги Низомнинг 39-бандига асосан туманда мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш жараёнида умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд)ни аниқ белгилаб олиш мақсадида, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6-моддасига асосан қарор қиламан:
1. Туманда мактаб ёшидаги болаларни ўқишга тўлиқ жалб этиш бўйича умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) рўйхати иловага асосан тасдиқлансин.
2. Туман ҳокимининг ўринбосари (С.Хужамияров), туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи (Ш.Хушбақов), таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш шўбаси мудири (Т.Халилов)га тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати юзасидан мониторинг олиб бориш ва унинг натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси топширилсин.
3. Белгилансинки, тумандаги умумтаълим муассасалари раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган муассасасига бириктирилган ҳудуддаги мактаб ёшидаги болаларни ўз вақтида умумтаълим муассасасига ўқишга жалб қилиш ҳамда 1-синфга қабул жараёнини белгиланган микроҳудуд асосида ташкил этилишини таъминласин.
4. Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари (Т.Хушмуратов), туман ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бўлими етакчи мутахассиси (У.Эшпулатов), Давлат кадастрлар палатаси туман филиали бошлиғи (М.Мухторов) тумандаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига жалб этиш жараёнида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда умумтаълим муассасаларига амалий ёрдам бериш тавсия этилсин.
5. Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи (Ш.Хушбақов)га мазкур қарор билан тумандаги барча умумий ўрта таълим мактабларини таништириш ҳамда ижросини таъминлаш вазифаси топширилсин.
6. Туман ҳокимининг 2024 йил 13 июндаги 158-7-99-Қ/24 сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари (Э.Пардаев) ушбу қарор имзолангандан сўнг бир кун ичида ҳокимликнинг нуробод.уз расмий веб сайтига жойлаштирилишини ва «Нуробод» газетасида расмий эълон қилинишини таъминласин.
8. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари С.Хужамияров зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими М. БУРАНОВ
Самарқанд вилояти, Нуробод тумани,
2025 йил 12 июнь,
139-7-99-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.